Туҳмат билан қамалган суд раиси оқланди

Тарозисининг бир палласида қонун, иккинчи палласида инсон тақдири турадиган судьялар фаолияти жуда мураккаб ва ўта масъулиятли иш ҳисобланади.
Зафар Атақулов ҳуқуқ илмини пухта эгаллаб, суд соҳасида иш бошлаганида ёш бўлишига қарамай, анча-мунча билим ва кўникмага эга эди. Шунинг учун икки йил Жомбой тумани суди судьяси бўлиб ишлаганидан сўнг 1992 йилда, 32 ёшида уни шу суд раиси лавозимига лойиқ кўришди. Ва у 10 йил суд раиси сифатида адолат тарозисини мустаҳкам ушлади. Аммо кимларгадир унинг ўрни керак бўлдими ёки баъзиларнинг манфаатига зид иш қилдими, уни пора олганликда айблаб, нафақат ишдан четлатишди, балки обрў-эътибори, шаънига ҳам путур етказишди.
Эгри дарахтнинг сояси тўғри бўлмайди
Бу оиланинг никоҳини бекор қилиш ва мол-мулкини бўлиб бериш судига ҳам Зафар Атақулов раислик қилганди. Ушбу иш жараёнида пароканда бўлаётган оиладаги болалар она билан эмас, ота билан яшашларини билдиришганди ва суд шундай қарор қабул қилганди. Табиийки, бу онага оғир ботди. Лекин начора, болаларнинг ўзи шуни истади, адолат тарозиси посангиси ота ва болалар томонни босди. Ана ўшанда онанинг қалбида судьяга нисбатан кек пайдо бўлдими ёки адоватми бу йиллар ўтгани сайин кучайиб бораверди.
Орадан 6-7 йил ўтиб шу оилада ўсган, бир вақтлар онасидан юз ўгирган ўғил тақиқланган диний ташкилотга аъзо бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришда айбланди ва унга ҳукм ўқиш яна З.Атақулов чекига тушди. Судья ҳар бир ҳолатни адолатли баҳолади, ҳеч ким унга илтимос ёки тазйиқ ўтказмади, унинг ишига аралашмади. 2000 йил 15 августда суд ҳукм ўқиди – ноқобил ўғил 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Лекин судланган томон бу ҳукмдан норози бўлиб, кассация шикояти беришга қарор қилди. Бу жараёнда ҳам суд томонидан тегишли ҳужжатлар тайёрланди.
Она учун фарзанд қобил ва ноқобилми, ёш ёки каттами, барибир бола, юрагининг бир парчаси. Бу она ҳам фарзанди учун ҳамма нарсага тайёр эди. У 11 сентябрь куни суд биносига келиб, раис ҳузурига кирди ва ўғлининг иши билан боғлиқ ҳужжатлар қачон вилоятга юборилишини сўради.
Ҳаммаси уюштирилгани бошидан маълум эди
– 2000 йил 7 сентябрь куни кассация шикоятини расмийлаштириб, вилоят судига юбориш учун котибга бердим, хат ҳам тайёр эди, аммо туман прокурори ёрдамчиси музокара сўзини тақдим этмагани учун жиноят ишини вилоят судига юбора олмай тургандик, – деб ўша ҳолатни эслайди Зафар Атақулов. – 11 сентябрь куни тушликдан кейин хонамга келиб ўтирганимда, судланган шахснинг онаси кириб келди. Салом-аликдан сўнг ўғлининг иши бўйича суд ҳужжатларини қачон вилоятга юборишимни сўради. Котибни чақирмай ўзим ўрнимдан туриб, қабулхона чиқдим ва ҳужжатлар тайёр бўлса, вилоят судига юборишни унга тайинладим. Шу пайт ортимдан аёл ҳам хонамдан чиқди ва унга қоғозлар эртага жўнатилишини айтдим. У раҳмат айтиб, қўл узатиб кўришди-ю чиқиб кетди. Кейин мен яна хонамга кириб, ўз ишларим билан машғул бўлдим. Бироздан сўнг бир неча киши кириб, ўзларини МХХ ва прокуратура ходимлари деб таништириб, мени пора олганликда айблашдан ва аёлдан олган пулларни ўз ихтиёрим билан чиқаришимни сўрашди. Табиийки, ҳеч қандай пул олмаганимни айтдим. Кейин уларнинг ўзи чўнтакларимни ковлади, иш столим усти ва тортмаларини кўрди – айтилган пул чиқмади. Шунда тергов гуруҳи бошлиғи ходимларидан бирига “сўраб чиқ, қаерга қўйибди” деди. Бир пасдан кейин ходим чиқиб “газета остида экан” деди ва улар иш столимдаги газеталар остидан 5 дона 100 АҚШ доллари олиб, қўлларим ва кийимларимни махсус ёритгич билан текширишди. Баённома тузиб, имзолашимни талаб қилишди. Мен эса пул олмаганман, деб қўл қўйдим. Лекин ўша пайтда ҳам, кейинчалик тергов жараёнларида ҳам бу ҳисобга олинмади. Гўёки мен бу пулларни жиноят иши кассация тартибида вилоят судида кўрилганда ҳукм оғирлаштирувчи томонга ўзгартирилмаслиги учун олган эмишман. Тергов жараёнида мендан мансабдор шахслардан бирига пора берганлик тўғрисида ҳам кўргазма олишга ҳаракат қилишди, бунинг учун ўзлари тузган баённомаларга қўл қўйишга мажбурлашди, лекин мен бунга рози бўлмадим.
Хуллас, турли йўллар билан бўлса-да Зафар Атақулов бўйнига пора олганлик айбини “илинтириш” лозим эди. Воқеадан икки ҳафта олдин аёл томонидан гўёки адвокатлар ва судья пора сўраганлиги ҳақида оғзаки мурожаат олинади. Шу куннинг ўзида ҳеч қандай суриштирув ўтказилмасдан республика Бош прокурори томонидан жиноят иши қўзғатилади. Бундай ҳолатда қандай йўл билан бўлмасин тадбир ўтказилиши лозим эди. Олдин адвокатларни пора билан ушлаш ва улар орқали Атақуловни илинтириш тадбири ўтказилади, аммо бу амалга ошмайди. Шундан кейин, аёлнинг ўзи ёрдамида Атақуловга қарши қонунсиз тадбир ўтказилади ва унинг бўйнига пора олганлик айби “илинади”.
Гарчи тергов жараёнида аёл ва суд раиси ўртасидаги суҳбат матнларида пул олди-бердиси ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқлиги, аёл пул миқдорини бир гал 500 минг сўм (ўша пайтда бу пул 3000 АҚШ долларига тўғри келган), бошқа сафар 500 АҚШ доллари деб айтиб, пора бериш мотивини эса гўёки “прокурор киритган протестни олиш учун”, “прокурор протест келтирмаслиги учун”, “вилоят судида ҳукмни кучида қолдириш учун” деб сабабларни турлича кўрсатган бўлса-да, бунга эътибор қаратилмайди. Суд раисини пора олаётганда ушлаш тадбири материаллари ҳам шошма-шошарлик билан, кўплаб камчиликлар йўл қўйилган ҳолда тузилгани ҳам эътибордан четда қолади.
Режа амалга ошди
Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти судининг 2001 йил 10 майдаги ҳукмига кўра, Зафар Атақулов Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан мол-мулкининг иккидан бир қисми давлат фойдасига мусодара қилинган ҳолда Жиноят кодексининг 57-моддасига асосан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Бу ҳукм юзасидан шикоят берилгач, жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти судининг 2001 йил 2 августдаги ажрими билан ҳукм ўзгартирилиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Бўлди, шу билан суд раиси “емаган сомса учун пул тўлади” – белгиланган жазо муддатини ўтади.
Вақт ҳамма нарсада даво, дейишади. Тўғри, жазо муддати ўтди, у озодликка чиқиб, оиласи бағрига қайтди.
24 йилдан сўнг адолат қарор топди
Зафар Атақуловни ўзи адолат ҳимоячиси бўлса-да адолат бузилгани, унинг шаъни, қадр-қимматига путур етказилгани қалбини оғритарди. Бу орада мамлакат раҳбарияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятидаги ўзгаришлар рўй берди. Бир вақтлар маълум бир шахсларнинг кўрсатмаси билангина ноҳақ айбланган инсонлар оқланиб, қадр-қиммати жойига қўйилди.
Мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш ва адолат ўрнатишдаги бу саъй-ҳаракат ва имкониятлар туфайли Зафар Атақулов ҳам Олий судга мурожаат қилди. 2021-2022 йилларда иш Олий суднинг кассация, апелляция инстанцияларида кўрилди. Ва ниҳоят шу йилнинг 14 февраль куни Жиззах вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти судининг 2001 йил 10 майдаги ҳукми бекор қилиниб, Зафар Атақулов айбсиз деб топилди ва оқланди. Орадан 24 йил ўтиб адолат қарор топди.
– Қора кунлар ортда қолди-ку, яна югур-югур қилишдан нима наф, дейдиганлар ҳам бўлди, – дейди Зафар Атақулов. – Тўғри, у кунлар ўтди, лекин ўша пайтларда кун эмас, ҳар лаҳзада ноҳақ жазоланганим, адолатнинг оёқ ости бўлганидан азият чекканман. Шукрки, Шавкат Мирзиёевнинг давлат тепасига келиши билан эски тизим ўзгарди, ҳар кимга ўз ўрни кўрсатиб қўйилди. Халқимиз ҳаёти қанчалик ўзгаргани, инсон қадри улуғланаётгани ҳақида гапириб ўтирмайман, бу ҳақда қанча гапирсак, шукрона айтсак оз. Қолаверса, буни ҳар биримиз ўз ҳаётимизда кўряпмиз, халқаро майдонда ҳам бу жараёнлар муносиб эътироф этилмоқда. Айтмоқчи бўлганим – Президентимизнинг оқилона давлат сиёсати туфайли мен каби ўзлаб инсонлар оқланди, топталган шаъни тикланди. Мен ҳам судья эдим, Ўзбекистон Республикаси номидан ҳукм ўқиганман. Ҳар гал ана шу жумлаларни ўқиёганимда виждонимга қулоқ тутганман ва доим қонун, адолатни устувор тутганман. Кун келиб, ўзимга нисбатан ҳукм ўқилмаслиги учун ҳам шундай йўл тутганман. Худога шукр, кеч бўлса ҳам адолат қарор топганидан, оқланганимдан хурсандман.
Ж.Ҳасанов.