Сувнинг нархини биласизми? Қадрини-чи?
Келинг, сарлавҳадаги саволга жавоб беришдан аввал сувнинг қадри ва нархини белгиловчи бир мисолни ўқийлик.
Яқинда бир юмуш билан Тошкент шаҳрига борадиган бўлдим. Самарқанд шаҳридан таксига ўтирдик. Анча юргач, ҳайдовчи “метан-заправка”га тўхтади. Машинага газ қуйдирганига қадар биз кутиб туриш учун шохобчанинг чиқиш томонига йўл олдик. У ерда қатор дўконлар, кичик кутиш зали ҳамда машина ювиш жойи бор экан. “Мойка”да бир йигит мижозининг “Nexia”сини юварди. Ҳамроҳларимдан бири – ёши етмишларга борган отахон “мойка” томон бурилиб, йигитчага нималардир деди. Йигитча дарҳол сувни ўчириб, машинани артишни бошлади.
Шу пайт ичкаридан “Нима гап, отахон?”, дея ёши каттароқ йигит чиқиб келди.
- Болам, машинани ичимлик сувига юваётган экансизлар, бундай қилманглар, сув увол бўлади, - деди ҳамроҳимиз.
- Нима, бобо, сиз сувнинг эгасимисиз? Агар шундай бўлса, билиб олинг: сув ҳисоблагичим бор, пулини тўлаб қўйганман! Қанча истасам шунча фойдаланаман.
- Биринчидан, мен сувнинг эгаси эмасман, иккинчидан, гап ҳисоблагичинг бор ё йўқлиги, тўлов қилиш-қилмаслигингда эмас. Агар фойдаланган сув ҳақи учун минг сўм ўрнига миллион сўм тўласанг ҳам ишинг нотўғри. Чунки тоза сувни исроф қилмаслик керак. Машина ювганда бир челакка сув олиб, увол қилмасдан ювиш ҳам мумкин...
“Мойка”нинг эгасига бу гап ёқмагани юзидан аён эди. У бизнинг йўловчи эканлигимизни билиб, кетишимизни кутди, ҳаракатидан “Отахон, кетаверинг, нима қилишни ўзим биламан”, деган хулосани англаш қийин эмас эди.
Машинага миниб, йўлимизда давом этгач, отахон суҳбатни айнан сувни исроф қилмаслик ҳақидаги гап билан бошлади:
- Бошқа давлатлардан кўра ўзимизнинг мамлакатда сув масаласи оғир. Буни кўпчилигимиз англамаяпмиз. Сув камайса, унинг ўрнини қоплайдиган нарса йўқ. Қаранг, Орол қурияпти, дарёларимиз йилдан-йилга саёзлашиб боряпти, бир пайтлар ўзанидан тошиб оққан ариқларнинг айримлари бир йилда бир марта сув “кўрмаяпти”. Ана энди, ҳовлилар, кўп қаватли уйлардаги бузуқ жўмраклардан оқаётган сувни айтмасам ҳам бўлади. Жўмракда игнадек ингичка сув оқими пайдо бўлиб, ундан сув тўхтамай оқса, бир суткада 840 литр сув оқиб кетаркан. Кўзимиз ўнгида бўлаётган бундай ҳолатлардан хулоса қилишимиз керак.
Отахон ҳақ эди. Ўзим, ҳамроҳларим ҳам у кишининг гапларини тасдиқладик. Манзилга боргунча сув муаммоси, уни исроф қилмаслик ҳақидаги суҳбатимиз давом этди.
Шу суҳбат ва “мойка” воқеаси таъсирида интернетни очиб, дунёда сув қадри ва нархи бўйича маълумотларни изладим ва ўқидим. Ёзишларича, айни кунда Ер юзининг 70-75 фоизи сув билан қопланган бўлса-да, барча сув ресурсларининг 97 фоизидан ортиғи шўр сув саналади. Қолган 3 фоизи музликлар ва Антарктида қорлари ҳиссасига тўғри келади. Сайёра аҳолиси ҳар куни ичимлик ва бошқа эҳтиёжлар учун 10 миллиард тоннадан ортиқ сувдан фойдаланади.
Дунё бўйлаб 771 миллиондан ортиқ одам тоза ичимлик сувидан фойдалана олмас экан. Яна шундай мамлакатлар бор эканки, одамлар ўз даромадининг 50 фоизидан ортиғини тоза ичимлик суви учун сарфлашар экан.
Қуйидаги рақамлар эса эътиборимни тортди: “Дунёдаги 1 метр/куб сувнинг нархи энг қиммат бўлган давлатлар:
- Данияда 9,70 доллар;
- Бельгияда 7,54 доллар;
- Норвегияда 7,09 доллар;
- Аляскада ойига 95 доллар;
- Германияда 6,6 доллар;
Сувнинг нархи энг арзон давлатлар:
- Миср (Қоҳира)да 0,05 доллар;
- Куба (Гавана)да 0,04 доллар;
- Ўзбекистонда 0,4 доллар;
- Покистон (Карачи)да 0,04 доллар;
- Индонезия (Жакарта)да 0,03 доллар.
Қўшни давлат - Туркманистонда ичимлик сув 2017 йил 1 ноябрга қадар бепул бўлган экан. 2019 йилгача белгиланган лимит бепул бўлган, ундан сўнг аҳоли учун сув нархи 0,14 доллар этиб белгиланган. Қозоғистонда ҳудудга қараб нархлар ўзгаради ва аҳоли учун ўртача нарх 0,18 долларни ташкил этади.
Аҳоли ўсиб бориши натижасида ҳар йили сув истеъмоли эҳтиёжи икки бараварга ошмоқда. Сув захиралари нотекис сарфланиши оқибатида 2 миллиард одам кескин сув танқислигини бошдан кечирмоқда, 4 миллиард одам эса кўпинча таъминотнинг узилишига дуч келмоқда. Ривожланган мамлакатлар кунига триллионлаб литр сув истеъмол қилаётган бир пайтда кўпгина Осиё-Африка мамлакатларида сув билан боғлиқ кескин муаммоларга дуч келяпти.
Ана энди Ўзбекистондаги ҳолат ҳақида. Бизда ҳам сув танқислиги билан боғлиқ вазият йил сайин жиддийлашяпти. Атрофга – денгиз, дарё, ариққа эътибор билан қаранг, отахон айтган гап нақадар тўғри эканлигига ишонч ҳосил қиласиз. Юртимизда сув ресурслари йилдан-йилга камайиб боряпти. Ҳар бир нарсанинг ниҳояси бўлганидек, ичишга яроқли тоза сувнинг ҳам ўз якуни бор. Лекин уни эҳтиётлаб, ақл билан сарфлаб «умри»ни узайтириш – ўз қўлимизда.
Ёмони, сувни тежаш, исроф қилмасликка ўргана олмаяпмиз. Бу ҳолатга ҳар биримиз ён-атрофимизда, кундалик турмушимизда гувоҳ бўляпмиз. Аксарият кишилар тарвуз-қовун, ичимликларни салқинлатиш ёки машиналарни ювиш учун жуда кўп миқдорда тоза ичимлик сувини ишлатяпти. Ўша мева ёки ичимликларни бошқа йўқ билан совутиш ҳам мумкин-ку, ахир. Буни одамларга тушунтирсак, қўни-қўшни, ёру дўстларимизни сувни тежашга чақирсак, яхши бўларди.
Дарвоқе, яқинда танишлар орасида ичимлик сув борасида кичик баҳс бўлиб қолди. Вилоятимизнинг айрим қишлоқларидаги кўп йиллик булоқларнинг суви тортилиб йўқ бўлиб бораётгани, ичимлик сув тақчиллиги борасидаги баҳсимизга бир йигит қўшилди.
- Ер курасининг 70 фоизи сувдан иборат бўлса, нимадан хавотир оляпсизлар, - деди у дабдурустдан.
Бу йигитнинг шу ёшга етиб, у айтаётган сувнинг атиги уч фоизигина ичишга яроқли эканлигини билмаслиги мени ҳайратлантирди. Суҳбат давомида билдимки, ҳали-ҳанузгача океан, дарё, денгиз сувларини махсус техникалар ёрдамида тозалаб, фильтрлаб ичиш мумкин, деб ўйлайдиганлар, афсуски, орамизда кўп экан. Балки шу боисдан ҳам аҳоли орасида сувни исроф қилиш ҳолатларига қаратилаётган эътибор у қадар мақтанарли эмасдир. Агар ичимлик сувга бу йигит айтганидек эҳтиёж бўлмаганда эди, бугунга қадар дунёда юз минглаб одамлар сувсизликдан қийналишмас, минглаб кишилар, ёш болалар яроқсиз сув истеъмоли туфайли ҳаётдан кўз юммасди...
Қаранг, замон ривожланиб, ҳар бир қишлоқ, маҳаллаларга, хонадонларга тоза ичимлик сув кириб боряпти. Илгарилари қудуқдан, олис ҳудудлардан ташиб ичилган сув эндиликда шундоққина уйимиздаги жўмракдан оқиб турибди. Бунга шукрона келтиришимиз, олдимиздан оққан сувнинг қадрига етишимиз керак эмасми? Тўғри, сувдан исроф қилмай фойдаланаётганлар кўп. Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидай, аҳоли орасида ичимлик сувининг шланглар билан кўча ва ҳовлиларга тинимсиз сепилиши, машина, гилам ювишда чек-чегарасиз фойдаланилиши ачинарли ҳолат-да. Ўз ўрнида бу катта исроф ҳам. Халқимиз “Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан”, деб бежиз айтмаган. Ҳар бир исроф қилинган нарсанинг уволи бўлганидек, сувни ҳам тинимсиз исроф қилиш ўнглаб бўлмас оқибатлар билан тугайди. Мана шу аянчли ҳолатга тушмаслик учун ҳар томчи сувни эъзозлайлик, унинг қадрига етайлик. Вазият бугунгидан ҳам аянчли ҳолга келиши, сувнинг олтин баҳосига тенглашиши мумкинлигини асло унутмайлик.
Акрам Ҳайдаров.