Саноат соҳасини энг яхши ёритган журналист, блогер ва ёш ҳаваскорлар тақдирланади

Самарқанд вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Made in Samarkand!” (“Самарқандда ишлаб чиқарилган!”) шиори остида саноат соҳасини энг яхши ёритган журналист, блогерлар ва ёш ҳаваскорлар учун вилоят танловини эълон қилади.

Танловга телевидениеда кўрсатилган, радиода эшиттирилган, ижтимоий тармоқларда чиқарилган ва босма нашрларда чоп этилган якка ҳолда ва гуруҳ бўлиб яратилган ижодий ишлар муаллифлари таклиф этилади.

Танлов талаблари:

• ижодий иши вилоятда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда маҳаллий саноатни ривожлантиришга қаратилганлиги;

• вилоятимизда саноат соҳасида амалга оширилаётган улкан яратувчанлик ишлари жараёнларини кенг ёритилганлиги;

• мавзуга чуқур ёндашиш, ҳаққоний таҳлил қилиш, мустақил журналистик фикр юритиш, воқеа-ҳодисаларга холис фикр билдириш ва жамоатчилик фикрини уйғотишга интилганлиги;

• соҳада фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган замондошларимиз сиймоси яратилганлиги.

Талаб этиладиган ҳужжатлар:

• ижодий ишларнинг сканер, электрон ва видео нусхалари.

• муаллифнинг паспорти нусхаси;

• муаллиф ва унинг профессионал фаолияти тўғрисида маълумотнома (объективка);

• муаллифнинг манзили ва боғланиш телефонлари;

Танловга 2021 йил 15 июлдан 30 сентябрга қадар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ижодий ишлар ва талаб этиладиган ҳужжатлар жорий йилнинг 30 сентябригача телеграммдаги (97) 933 70 90 телефон рақамига онлайн тарзда юборилиши лозим.

Ғолиблар вилоят ҳокимлиги фахрий ёрлиғи ва пул мукофотлари билан тақдирланади.