Судьялар китобхонликда беллашди
Самарқанд вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди тизимида “Китоб – маънавият кўзгуси” танлови ўтказилди.
Барча судья ва суд ходимлари иштирок этган танловда жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари ҳисобланган ўнта китоб бўйича билимлар синовдан ўтказилди.
Бир ой давомида судья ва суд ходимлари ушбу китобларни ўқиш билан бирга китобхонлик мавзусида семинар, давра суҳбатларида қатнашди.
Белгиланган муддатда туман-шаҳар ва туманлараро судлар жамоалари навбати билан танловда иштирок этдилар. Танлов ишчи гуруҳига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ходимлари, адабиётшунос олимлар жалб этилди.
- Танлов юқори савияда ўтди, судьялар ҳам, суд ходимлари ҳам катта иштиёқ билан китобларни ўқигани, мазмун-моҳиятини англаб етгани сезилиб турди, - дейди вилоят суди жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бошлиғи Садриддин Набиев. - Чунки саволлар ўнта асар асосида етарли даражада мураккаб тузилган эди.
Танловда Паст Дарғом туманлараро иқтисодий суди раиси Луқмон Асатов биринчи ўринни, Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси Навбаҳор Турсунова иккинчи ўринни ва вилоят маъмурий суди судьяси Умиджон Муҳаммадиев учинчи ўринни эгаллади. Ғолибларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Шунингдек, танловда фаол иштирок этган судьяларга журналист, адиб Фармон Тошевнинг яқинда чоп этилган 4 жилдлик сайланма асарлари тўплами тақдим этилди.
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди, Иштихон туманлараро иқтисодий суди ва вилоят маъмурий суди жамоалари танловда юқори тайёргарлик билан ва юксак савияда қатнашганлиги сабабли “Энг китобхон жамоа” деб эътироф этилди.
Китобхонлик танлови мунтазам ўтказиб боришга келишилди. Кейинги босқич сентябрь ойида бошланиб, жаҳон адабиёти ва ўзбек адабиётининг олтин фондидан жой олган асарлар асосида ўтказилади.