“Айбим – Қўқон хонининг невараси эканлигимми?” Қатағонга учраган ҳамюртларимиздан бири ҳаётидан

Уни 1937 йилнинг 13 ноябрь куни ҳибсга олишди. Бу вақтда Камкор Умаров Самарқанд шаҳар милициясининг 4-бўлими бошлиғи вазифасида ишлар эди. Уни ҳибсга олиш ҳақида ЎзССР НКВДсининг ишчи-деҳқон милицияси бошқармаси жиноят-қидирув бўлими 3-бўлинмаси раҳбари Измайлов чиқарган қарорда ёзилишича, К.Умаров 1935-1936 йилларда милиция раҳбариятини тайёрлаш мактабида ўқиш даврида шу билим юртида таржимон бўлиб ишлаётган ва таҳсил олаётган Тўлаган Миразизов билан яқин алоқа ўрнатади. Аксилинқилобий кайфиятда бўлган Т.Миразизов билан биргаликда мактаб тингловчилари орасида советларга қарши тарғибот олиб борадилар. Бу билан ЎзССР Жиноят кодексининг 60-67-моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этган.

Орадан кўп ўтмай Самарқанд шаҳар милицияси бошлиғи Голяховский Республика Ишчи-деҳқон милицияси бошқармаси алоҳида инспекцияси раҳбари, лейтенант Олтинбоев имзоси билан қуйидаги мазмунда сўровномани олди:

“Сизга Самарқанд вилоят ”Ленин йўли” газетасида шу йил 14 октябрда чоп этилган “Мансабдор безори” мақоласини юбормоқдаман. Аввало, ушбу мақола муаллифини аниқлашингиз сўралади. Уни сўроқ қилиб, биз томондан қамоққа олинган Камкор Умаровнинг безорилиги ҳамда милиция органларини обрўсизлантириш бўйча хатти-ҳаракатларини фош этувчи кўпроқ далиллар тўплашингиз сўралади. Газетада босилган мақолада Умаров ўзи раҳбарлик қилган милиция бўлими иши билан умуман қизиқмаганлиги, бу борада фаолиятсизлик кўрсатганлиги, натижада ушбу ҳудудда босқинчилик, ўғирлик, безорилик ва бошқа жиноятлар сони кескин ошганлиги айтилган. Бу ҳолатларни текшириш учун сиздан 4-милиция бўлими бошлиғи томонидан жиноятчиликка қарши курашиш борасида совуққонликка йўл қўйилганлиги ҳақида бўлим ходимларини сўроқ қилиш, Умаровнинг раҳбарлиги даврида ҳудудда қанча жиноят содир этилганлигини рақамларда кўрсатиб бериш сўралади. Ходимларни сўроқ қилиш жараёнида Умаровнинг фаолиятсизлигини кўрсатувчи ҳолатларга алоҳида этибор қилинсин.

Шунингдек, Умаров томонидан ўзлаштириш ва суиистеъмолчиликларга йўл қўйилганлиги масаласига диққат билан қаралсин. Сизга маълумки, К.Умаров биз томонимиздан аксилинқилобий фаолиятда айбланиб, ҳибсга олинган. Агар у аксилинқилобчи экан, демак бу ишларни онгли равишда қилган. Яъни, милиция фаолиятини издан чиқариш, уни ишчилар ва колхозчилар кўз ўнгида обрўсизлантиришга интилган. Текширувни ана шу йўналишда ва мақсадларда олиб бориш зарур”.

Бу мақолада шунингдек, К.Умаров хотинбоз, ишга масъулиятсиз, у раҳбарлик қилаётган бўлимнинг бир ходимига безорилар пичоқ урган, деган айбловлар ҳам битилган эди.

Камкор Умаровнинг ўз қўли билан ёзган таржимаи ҳолидан:

“Мен 1905 йилда Тошкент шаҳрида Чувалачи маҳалласида оддий деҳқон Умар оиласида туғилдим. 1920 йилгача отамнинг қарамоғида эдим. Ўша йили мактаб-интернатга ўқишга ўтдим. 1924 йилда Тошкентдаги миллий ҳарбий мактабга ўқишга кирдим. Кейин бу мактаб Ленин номли ҳарбий билим юртига қўшиб юборилди. 1929 йилгача ўша ерда таҳсил олдим. Лекин уни тугатолмадим. Касаллигим туфайли ўқишни қолдирдим.

1930 йилда ОСВИАХИМ ташкилотига ҳарбий бўлим бошлиғи вазифасига ишга ўтдим. 1933 йилдан милиция кичик командирлар мактабида взвод командири этиб тайинландим. 1935-1936 йилларда Тошкентдаги 3-милиция раҳбар ходимлари мактаби курсанти сифатида тайёргарликдан ўтдим. 1936 йил октябрь ойида Самарқанд шаҳар милиция бошлиғининг ёрдамчиси вазифасига ишга юборилдим. Орадан кўп ўтмай шаҳардаги 4-милиция бўлими бошлиғи этиб тайинландим”.

Камкор Умаров ҳибсга олинаётган пайтда тўлдирилган ҳужжатларда кўрсатилишича у билан Самарқанд яқинидаги Мотруд қишлоғидаги уйида онаси Мазали Назарова, хотини Аниса, 6 ёшли ўғли Ҳасан, 5 ёшли қизи Раъно, 2 ойлик ўғли Ўткир бирга яшаган.

1937 йил 27 ноябрда Камкор Умаров ЎзССР НКВД ишчи-деҳқон милицияси бошқармаси алоҳида инспекцияси раҳбари Олтинбоев ўтказган терговда унинг қўйган саволларига ёзма жавоб беради.

Унда айтилишича, 1933 йил 1 июнда Тошкент шаҳридаги милиция кичик раҳбар ходимлари тайёрлаш мактабига тайёргарлик-машқ взводи командири вазифасига ишга кирган.

“Ана шу даврда дивизион командири Егоров билан орамизда турли масалалар бўйича келишмовчиликлар бўлди. Бир куни сиёсий ходим Исмоилов мактаб ошхонасига оддий ходимлар етишмаётганини айтиб, дивизион командирига бир ўзбек аёлини ишга олишни тавсия қилди. Унинг бу гапига Егоров “ўзбеклар ишлашни билишмайди, бунинг устига улар кир-чир юришади, шунинг учун уларни ишга олиб бўлмайди”, деб жавоб берди.

Унинг бу гапидан аччиғим келиб, сизнинг бу гапларингиздан миллатчилик ҳиди келаяпти, дедим. Иккаламиз шу ерда жанжаллашиб қолдик. Мен унинг гапларини ўзбек миллатига нисбатан ҳақорат деб билдим. Бу жанжалга политрук Бекмуҳамедов, дивизион командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари Восновлар гувоҳ эди. Кейинчалик бу ҳақда ишчи-деҳқон милицияси бошқармасига ҳам мурожаат этган эдик. Егоров билан жанжаллашганимнинг асосий сабаби шундай бўлган.

Ленин ордени ҳақида айтган гапларимга келсак, воқеа бундай бўлган эди. 1935 йилда мен Тошкентдаги юқори раҳбар ходимларни тайёрловчи милиция мактабига ўқишга кирдим. Бир куни пахтакорларнинг катта гуруҳи мамлакатнинг орден ва медаллари билан мукофотланганлиги ҳақидаги хабарни ўқиб қолдик. Улар орасида Ленин ордени билан мукофотланган Мамлакат исмли ёш қизчанинг исм-шарифи ҳам бор эди. Шунда мен, бу қизча қандай юксак мукофотга сазовор бўлганлигини тушунмаса ҳам керак, дедим. Бор гап шу. Бу сўзларимни кимлардир нотўғри талқин қилиб, юқори ташкилотларга етказишган.

Милиция мактабида ўзбек курсантларининг аҳволи оғир эди. Улар моддий жиҳатдан қийналишар, уй-жойи йўқлигидан оилалар бузилиб кетарди. Мен бу ҳақда мактаб раҳбариятига бир неча марта гапирганман. Лекин ҳеч қандай натижа бўлмади. Ана шундай етишмовчилик, касалликлар туфайли 4-5 ой ичида хотиним ва кичик болам вафот этишди. Оғир аҳволда қолдим. Онам икки боламни олиб катта акамникига кўчиб кетди. Мен аҳволимни ишчи-деҳқон милицияси бошқармаси раҳбари Романовга ҳам айтганман.

Қирғизбоев, Иброҳимов ва Миразизов масаласига келсак, уларни фақат милиция мактаби ўқитувчилари сифатида биламан, холос. 1934 йилда Миразизов мен ишлаган милиция мактибида ушбу ўқув юрти раҳбарининг сиёсий ишлар бўйича ёрдамчиси эди. Мен 1936 йил милиция раҳбар ходимлари тайёрлаш мактабини битирганимдан сўнг Самарқандга ишга юборилдим. Шундан кейин уларни кўрганим ҳам йўқ. Балки Қирғизбоев, Иброҳимов ва Миразизов қандайдир аксилинқилобий гуруҳ аъзоларидир. Лекин бу ҳақда мен ҳеч нарса билмайман. Шунингдек, ҳеч ким мени бундай ташкилот сафига тортмаган ва ҳеч қандай топшириқ ҳам бермаган.

Ижтимоий келиб чиқишим бўйича шуни айтишим керакки, ҳақиқатан ҳам Қўқон хони Худоёрхоннинг неварасиман. Катта акам Худоёрхонов фамилиясида. Қолган икки ака-укам эса Саидов ва Умаров фамилиясини олишган. Айрим кишиларда Худоёрхоннинг набирасими, демак аксилинқилобий гуруҳ ишларида иштирок этиши аниқ, деган тушунча мавжуд. Лекин мен Худоёрхонни умуман кўрганим йўқ. Унинг вафотидан кўп йиллар ўтгач туғилганман. Мен совет мактабида ўқидим, совет давлатида тарбияландим. Айбим – Қўқон хонининг невараси эканлигимдами?

Сиздан илтимос, менинг ҳақимда туҳмат гапларни айтган ва ёзган одамларга нисбатан чора кўрсангиз. Шуни қатъий айтаманки, ҳеч қандай ташкилот сафида бўлмаганман ва ҳеч ким мени унинг сафига тортмаган.”

Унинг бўйнига қўйилаётган айбларни янада бўрттириш учун терговчилар ҳам, гувоҳликка ўтган кишилар ҳам имконларидаги барча усулларни қўллашди. Унинг устидан бир неча жилдлик ҳужжатлар тўпланди. Етти-саккиз ой давом этган терговлар кутилган натижани бермади. Лекин “Худоёрхоннинг набираси”ни нима бўлсада “аксилинқилобчи”га, “халқ душмани”га айлантириш уларнинг мақсади эди. 1938 йил май ойида ЎзССР Чегара ва Ички ишлар қўшинлари ҳарбий трибунали мажлисида тергов қилинганда у қуйидагиларни айтди: “Мен Худоёрхоннинг невараси эканлигимни ҳеч кимдан яширмаганман. Аммо уни умуман кўрган эмасман. Мен совет ҳокимияти даврида улғайдим ва тарбияландим. Балки баъзи суҳбатларда давлат сиёсатига қарши ўзим билмаган ҳолда қандайдир фикрларни айтгандирман. Бундан афсусланаман. Менга меҳнат қилиш ва оилам бағрига қайтиш имконини беришингизни сўрайман.”

Лекин ҳарбий трибунал ўз айби нимадалигини ҳам англамаган Камкор Умаровга ўлим жазосини бериш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу адолатсиз ҳукмдан норози бўлган К.Умаров СССР Ҳарбий прокурори номига шикоят аризаси ёзади. 1938 йил 28 сентябрда СССР Олий судининг ҳарбий коллегиясида унинг иши қайта кўрилиб, аввал чиқарилган трибунал ҳукми бекор қилинади. Ҳарбий коллегия қароридан: “Умаровнинг аксилинқилобий ташкилот аъзоси эканлиги исботланмаган. Уни фақат миллатчиликни тарғиб қилганликда айблаш мумкин. Шу сабабли у икки йил қамоқ жазосига ҳукм қилинсин.”

Шундан кейин К.Умаров мамлакат шимолидаги Каргапол лагерлар бошқармаси ихтиёрига қамоқ жазосининг қолган муддатини ўташ учун юборилади. Ҳужжатлардан унинг 1939 йил декабрь ойида қамоқдан озод бўлгани маълум. 1958 йилда бу иш СССР Олий суди ҳарбий коллегиясида қайта кўрилиб, таркибида жиноят аломатлари бўлмаганлиги учун бекор қилиниб, у оқланади. Лекин қамоқдан кейин Фарғона вилоятида яшаган Камкор Умаровнинг изини бошқа тополмайдилар...

Музаффар МУҚИМОВ.