Ғалати нарсаларга атаб номланган мамлакатлар
Аввалроқ, ана шундай ғайриоддий маънолар берадиган мамлакатлар ҳақида маълумот бергандик. AdMe.ru дунёнинг бошқа бурчакларидаги мамлакатларнинг ҳақиқий номлари ортида нима яширингани билан яна қизиқди.
Нидерландия - «паст ерлар»
Ўрта асрларнинг охирида Рейн, Маас ва Шельда дарёларининг қуйи оқимидаги Шимолий денгиз қирғоғида жойлашган ҳудуд «қуйи ерлар» - Нидерландия (de Nederlanden) деб атала бошланди.
Монако - «танҳо уй»
Бир фаразга кўра, милоддан аввалги VI асрда Лигурия қабилалари Монойкос (Monoikos) колониясига асос солган. Монос юнонча «ёлғизлик», «oikos» эса «уй» деган маънони англатади.
Камерун –«қисқичбақалар дарёси»
Ушбу Ғарбий Африка мамлакати номланишининг келиб чиқиши маҳаллий дарёнинг эски номи билан боғлиқ бўлиб, португаллар уни Рио дос Камараз (Rio dos Camarões) деб аташган, бу сўз тўғридан-тўғри «қисқичбақалар дарёси» деб таржима қилинади.
Италия - «бузоқлар мамлакати»
Энг кенг тарқалган нуқтаи назарга кўра, номланиш Оскан тилидаги «вателию» (Viteliu) атамасидан келиб чиққан ва «бузоқлар мамлакати» деган маънони англатади.
Сингапур – «шерлар шаҳри»
Жануби-Шарқий Осиёдаги шаҳар-давлат малайча синга (sinha) –“шер” ва санскритча «пура» (pura) - “шаҳар” сўзларидан келиб чиқиб номланган.
Кипр – «мис»
Мавжуд тахминлардан бирига кўра, бу ном қадимий этеокипр тилидан келиб чиққан ва оролнинг мис конларига бойлигидан ишора қилади.
Канада - «қишлоқ»
Мамлакатнинг номи замонавий Квебек яқинидаги Стадакона қишлоғида яшаган лаврентияликлар сулоласи тилидаги «каната» (kanata) - «манзилгоҳ», «қишлоқ» сўзларидан келиб чиққан.
Аввалига бу сўз фақат битта қишлоқни, кейин бутун бир минтақани номлаш учун ишлатилган ва тез орада номланиш Шимолий Америкадаги Британия империяси томонидан бошқариладиган қўшни ҳудудлар бўйлаб тарқалган.
Чили - «Ер тугайдиган жой»
Бир фаразга кўра, мамлакат ўз номини ҳиндуларнинг «ернинг охири» деган маънони англатувчи сўзидан олган. Мапуче тилида «чили»(chilli) сўзи«ер тугайдиган жой» деб таржима қилинади.
Папуа-Янги Гвинея - «жингалаксоч одам»
Тинч океанидаги бу давлатнинг номи малайча «оранг папуа» - «жингалак сочли қора бошли одам» иборасидан келиб чиққан. 1526 йилда оролга келган португалиялик Хорхе де Менезес маҳаллий аҳолининг сочини кўрганидан кейин бу ерни шундай аташга қарор қилди.
Худди шу асрда оролга ташриф буюрган испан навигатори Иньиго Ортиз де Ретес Африкадаги Гвинея аборигенлари ва маҳаллий аҳолининг ўхшашлигини кўриб, унга «Янги Гвинея» номини берди.
Габон - «капюшонли пальто»
Ушбу Марказий Африка давлатининг номи маҳаллий дарёнинг португал тилидаги Габайо (Gabão) номидан келиб чиққан бўлиб, «капюшонли пальто» деган маънони англатади. Ушбу номланиш дарё этагининг ўзига хос шаклидан келиб чиққан.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.