Буюк ёзувчилар ҳаётидан...

Эдгар По ва унинг қўрқувлари

Эдгар Аллан По бутун умри давомида қоронғуликдан қўрққан. Эҳтимол, бу қўрқувнинг сабабларидан бири бўлажак ёзувчининг болалигида... қабристонда ўқиганлигидадир.

У ўқиган мактаб шу қадар қашшоқ эдики, болаларга дарслик сотиб олишнинг иложи йўқ эди. Шунда зукко математика ўқитувчиси ўқувчиларни яқин атрофдаги қабристонда, қабрлар орасида дарсга олиб чиққан. Ҳар бир ўқувчи ўзи учун қабр тошини танларди ва марҳумнинг ўлган кунидан туғилган куни санасини айириб, неча йил яшаганини ҳисоблаб чиқарди. Шу сабабли бўлса керак, ёзувчининг жаҳон даҳшатли адабиётининг асосчисига айлангани ажабланарли эмас.

Лев Толстой ва унинг ҳуснихати

Буюк ёзувчи рамзлар ва қўшимчалар чигаллашган ўқиб бўлмайдиган қўлёзмалар қиларди. Фақат “Уруш ва тинчлик”ни бир неча марта қайта ёзишга мажбур бўлган Толстойнинг рафиқаси Софья Андреевнагина уни тушуниши мумкин эди. Толстойнинг қўлёзмаларини ўрганган психиатр Чезаре Ломброзо улар психопатик мойилликлари бўлган аёлга тегишли, деган хулосага келди.

Марк Твен ва унинг муҳаррирлар билан ҳазилашуви

Америка ёзувчиси Марк Твен ажойиб ҳазилкаш бўлган. Шунинг учун бўш вақтларида у турли газеталарга “Менинг ўлимим ҳақидаги миш-мишлар жуда бўрттирилган”, деган раддиялар ёзишни яхши кўрарди. У шунчалик газета муҳаррирларининг жиғига тегдики, кейинчалик улар бу хабарни “афсуски” сўзи билан бошлашга келишиб олишди.

Антон Чехов ва ғалати эркалатишлар

Антон Павлович Чехов рафиқаси Ольга Леонардовна Книппер билан ёзишмаларида унга одатий илтифот ва меҳрли сўзлардан ташқари, “актрисача”, “ит”, “илон” каби жуда ғайриоддий сўзларни ёзишни одат қилган. Лаҳзанинг лириклигини ҳис қилинг-а: “Қалбимнинг тимсоҳи!”.

Эрнест Хемингуэй ва пейрафобия

Эрнест Хемингуэй омма олдида нутқ сўзлашдан қўрқув – пейрафобиядан азият чеккан. Бундан ташқари, у ҳеч қачон ўзининг энг самимий ўқувчилари ва мухлисларининг мақтовига, ҳатто яқин дўстларига ҳам ишонмасди.

Ёзувчи мушукларни яхши кўрган, унинг уйида доимий равишда бир нечта уй ҳайвонлари яшаган. Кунларнинг бирида унга ирсий мутация туфайли полидактил, яъни қўшимча оёқ бармоқлари бор Сноубол исмли мушукни беришди. Бугунги кунда Хемингуэй уй-музейида уларнинг ярми полидактил бўлган, Сноуболнинг авлодлари ҳисобланадиган 50 дан ортиқ мушук яшайди. Сайёҳларнинг катта қисми ушбу музейга ёзувчи меросига қизиққани учун эмас, биринчи навбатда мушуклар туфайли ташриф буюради.

Стивен Кинг ва“тахаллус саратони”

1970 йилларда америкалик ноширлар муаллифлар йилига биттадан ортиқ китоб нашр этмагани маъқулроқ, деб ҳисоблаган. Кўпроқ нашр этилишни истаган ёзувчи Стивен Кинг баъзи асарларини Ричард Бахман тахаллуси остида ёза бошлади.

1984 йилда бир китоб дўкони ходими муаллифларнинг адабий услублари ўхшашлигидан шубҳаланиб, ноширларни ўзининг топилмаси ҳақида хабардор қилади. Шунда ёзувчининг ўзи сотувчига қўнғироқ қилиб, интервью беришга рози эканлиги ва бу сирни фош қилувчи мақолани бирга ёзишни таклиф қилади. Натижада Ричард Бахманнинг “тахаллус саратони”дан вафот этгани ҳақида эълон қилинган пресс-релиз пайдо бўлди.

Ги де Мопассан ва Эйфель минораси

Француз ёзувчиси Ги де Мопассан Эйфель минорасини ёқтирмайдиганлардан бири эди. Шунга қарамай, у ҳар куни унинг ичидаги ресторанда овқатланиб, бу Париждаги ягона минора кўринмайдиган жой эканлиги ҳақида гапирган.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.