Зарафшон миллий табиат боғининг эртаси хавф остида(ми?)

Ўзбекистонинг энг ноёб ландшафтларидан бири тўқай ёки кайир ўрмонлари ҳисобланади. Тўқайлар Ўзбекистоннинг энг йирик дарёлари қирғоқларида жойлашган тоза ҳаво билан таъминловчидир.

Кайир ўрмонлари дарёни ифлосланишдан сақлаб, сувнинг тозалигини таъминлайди ҳамда табиатда намлик алмашинувида асосий роль ўйнайди. Яқин вақтларгача тўқайлар катта майдонларни эгаллаб келган, лекин турли сабабларга кўра уларнинг майдони тахминан 10 фоизга камайиб кетди.

Тўқай ўрмонлари Бутунжаҳон ёввойи табиат фонди (WWF) томонидан жиддий муҳофазага муҳтож экологик ҳудудларнинг «ГЛОБАЛ – 200» рўйхатига киритилган. Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудида 300 га яқин ўсимлик тури ўсади. Балиқларнинг 18, сувда ва қуруқликда яшовчиларнинг 2, судралиб юрувчиларнинг 10, қушларнинг 218, сут эмизувчиларнинг 26 тури мавжуд. Табиат боғида 200 турдан зиёд қушни учратиш мумкин. Юқорида санаб ўтилган ўсимликлар, қуш ва ҳайвонларнинг аксарияти Ўзбекистон қизил китобида рўйхатга олинган.

Бухоро буғуси (хонгул) Марказий Осиё учун эндемик ҳисобланади. Бу шуни англатадики, у фақат Марказий Осиёда яшайди ва бошқа ҳеч қаерда топилмайди. Бухоро буғулари Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Афғонистонда учрайди. Хонгул нисбатан яқин вақтларда тўқай ўрмонларда кенг тарқалган эди, эндиликда ноёб ҳайвонлар қаторига кирди. Бухоро буғулари Халқаро қизил рўйхатга ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича халқаро конвенцияга киритилган. Ҳозир боғда очиқ табиатда 100 дан зиёд Бухоро буғуси яшамоқда, 30 дан ортиғи ўралган жойда (валерада) парвариш қилинмоқда.

Кўриниб турибдики, Миллий табиат боғи эртанги авлод эклологик барқарорлигини таъминлашда жуда муҳим. Ҳозирдан иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани барқарор ривожланишга кучли салбий таъсир этмоқда. Экология ва атроф-муҳитни асраш, сув тақчиллигининг олдини олиш бундан буён ҳам долзарб вазифа бўлиб қолади. Табиатни асраш борасида шунча глобал муаммо билан курашилаётган пайтда боғга туташ ҳудуддаги Бешкапа, Дўрмон, Ўроқли қишлоқларидаги фермер ва айрим фуқаролар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги қонунни бузиб, ноқонуний ҳудудга кириб миллий табиат боғининг ички булоқ сувларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келмоқда. Ҳудудга туташ Ертешар, Карапчи, Аширтўп, Мўғол, Бешкал, Чўчқатур ва юқорида саналган қишлоқлардаги айрим шахслар табиат боғи балансидаги ер майдонларини бир неча ўн йиллардан буён шахсий томорқага айлантириб, чорва молларини боқиб, дарахтларни кесиб, ёнғин чиқариш ҳолатлари кузатилмоқда.

Боғ ерлари ёки ҳудуддаги булоқ сувларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш учун, аввало, ишчи гуруҳ тузиб, республика, вилоят, туман кадастр мутахассислари ёрдамида чегараларни яна бир бор аниқлаб олиш лозим. Миллий боғ ҳудудининг аҳоли яшаш пунктлари билан чегараларини тўсиқлар билан ўраб, ҳудудга назорат камералари ўрнатиш, қонунбузарларга нисбатан маъмурий, жиноий жавобгарликни кучайтириш мақсадга мувофиқ бўларди.

Яна бир таклиф-тажриба сифатида Зарафшон миллий табиат боғини ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш керак. Боғ экотуризмдан (сайёҳларни жалб қилиш), ер ижарачиларидан тушадиган маблағлар ҳисобидан ўзини ўзи таъминлаб, ташкилотнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлайди. Деҳқончилик мақсадида фуқаролар фойдаланиб келаётган миллий боғ ерларида қонуний асосда маълум бир муддатга манзарали ва кўп йиллик ихота дарахтзорлари барпо этилиб, экотуризм ташкил қилинса ҳам экология, ҳам иқтисодий тарафдан фойдали бўлади. Агар боғнинг келажагига бугун эътибор қаратилмаса, яқин ўн йилларда боғ ҳолати салбий томонга ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас.

Зарафшон миллий табиат боғининг Самарқанд шаҳрига яқинлиги шаҳар экологияси, экологик туризм учун жуда катта аҳамиятга эга. Миллий табиат боғи ишчи-ходимлари учун ҳафтада бир кунни автомобилсиз кун, деб эълон қилсак. Инсон кунига 8-10 минг қадам пиёда юрса, юрак фаолияти, қон айланиши яхши бўлади. Боғ ҳудудини ҳақиқий экологик тоза ҳудуд сифатида сақлаб қолиш учун машинамизни дарвозадан ташқарида қолдирайлик ва боғ ҳудудида ҳар қандай автотранспорт ҳаракатини чеклайлик. Боғ ҳудудидаги ҳар бир бўлим назоратчилари хизмат жойлари ҳам икки йилда алмаштириб турилса иш самарадорлиги ортиб, коррупцион ҳолатларнинг олди олинади.

Миллий табиат боғидаги ҳайвонот боғи ҳайвонлари турлари йилдан йилга   камайиб бормоқда. Боғ ҳудудига кирадиган сайёҳлардан тушадиган маблағларни тўғри тақсимлаб, ҳайвонлар сони ва турлари кўпайтириш, боғ ҳудудига сайёҳларни олиб юрадиган 5-10 кишилик электромобиллар сотиб олиш имкониятлари бор. Мараторий элон қилинишига қарамай Зарафшон дарёсидан норуда материаллари қазиб олиш ишлари давом этмоқда. Зарафшон дарёси сатҳи кейинги 20 йилда 7-8 метргача тушиб кетган. Айни вегитация даврида ер ости сувларининг тушиб кетиши оқибатида боғ ҳудудидаги қизил китобга киритилган ўсимликлар ва дарахтлар қуриб қолиши кузатилмоқда. Агар дарё сатҳи яна атропоген омиллар таъсирида 10 метрга тушса Зарафшон миллий табиат боғи экотизими умуман ёмон аҳволда қолади. 

Шу сабабли бугун миллий табиат боғидаги ҳар бир ҳолатни эътиборга олиб, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаб қолиш чораларини кўриш лозим.

Э.Холманов,

Миллий табиат боғи фан ва атроф табиий муҳит мониторинги бўлими мутахассиси.