Пахтачига муносиб ном керак

Миллий ғурурнинг шаклланиши ва мустаҳкамлигида анъана ва қадриятлар, тарихий номларнинг аҳамияти катта. Чунки уларда халқимизнинг кўп йиллик тарихи, ҳаёти акс этади. Уларни билмоқ, англамоқ эса миллат бирлигига, унинг маънавий қудрати юксалишига хизмат қилади. Мустақиллик туфайли кўплаб тарихий жой номлари, буюк аждодларимиз номи тикланиши, диний эътиқоддаги эврилишлар, давлат тили сиёсати фикримиз исботидир.

Янги Ўзбекистон ғояси бир вақтлар иккита Уйғониш даврида етакчилик қилган алломаларимиз қарашлари ва бой маънавий меросига асосланиши бежиз эмас. Янги Ўзбекистон ғояси - бу номлар ва атамаларнинг янгиланиши эмас, балки тараққиётга асос бўлган ақл-заковат ва билимнинг қайта тикланишидир. Тарихимизни пухта билсак, унинг моҳиятини англасак, бой мерос илмини бунга татбиқ эта олсаккина мақсадимизга эришамиз.

Энди асосий мақсадга ўтсак. 2021 йилнинг 16 апрель куни Президентимиз вилоят фаоллари билан мулоқоти чоғида зиёлиларнинг Пахтачи тумани номини ўзгартириш тўғрисидаги таклифига ижобий фикр билдирган эди. Ва бу муҳим масала жамоатчилик, илм аҳли ҳамда фаол зиёлилар томонидан пухта ўрганилиши зарурлигини таъкидлаганди.

Биз, ана шу табаррук замин ва унинг халқи меҳридан камол топиб келаётган зиёлилар давлатимиз раҳбарининг бундай эътиборидан жуда хурсанд бўлдик. Тумандаги тарих фани ўқитувчилари, фаол зиёлилар билан бирга ҳудуддаги қишлоқлар ўтмиши юзасидан қимматли материаллар тўпладик, ўзаро мулоқотларда уларнинг аҳамиятли томонларини аниқладик.

Пахтачи тумани ҳудуди тарихи жуда узоқ мозийга бориб тақалади. Янги ном танлашда шу минтақа тараққиётида муҳим рол ўйнаган иккита ном – Добусқалъа ва Зиёвуддин номларига тўхталмоқчимиз.

Добусқалъа қарийб уч минг йиллик тарихга эга. Ишончли манбаларда ёзилишича, Х асрда Добусқалъа работи 70 гектарни, шаҳристон эса 22-23 гектарни ташкил этган. Hали Бухоро шаҳри вужудга келмаган пайтда бу маскан Бойкент (Пойкент), шаҳар эса Добусқалъа деб аталган. Эфталитлар даврида, яъни V-VI асрларда Добус мустақил мамлакат пойтахти бўлган.

“Зиёвуддин” эса арабча сўз бўлиб, Hақнинг, эътиқоднинг нури маъносини беради. Адабиётда, хусусан, Алишер Навоий ижодида бу сўз ниҳоятда улуғланган.

Зиёвуддин Бухоро амирлигининг муҳим бекликларидан бири бўлган. Бинобарин, XIX асрнинг йирик шоирларидан бири Мирза Салимий 1870 йилда Зиёвуддин вилояти ҳокимлигида котиб бўлиб ишлаганлиги ҳақида маълумотлар бор.

1934 йилда туман ҳудудида илк археологик қазишмалар олиб борилган.

Зиёвуддин беклиги 1920 йилгача фаолият кўрсатган. 1926 йилда у Нарпай тумани номи билан аталган. 1935 йилда алоҳида Пахтакор тумани бўлиб чиққан. 1963 йилда Нарпай туманига қўшилган ва 1973 йилда яна Пахтачи номи билан ажралиб чиққан.

Шуниси муҳимки, тумандошларимиз ҳар иккала ном билан ҳам фахрланишади. Добусқалъа кейинги йилларда анча обод қилиниб, гавжум зиёратгоҳга айланди. Зиёвуддин шаҳарчаси ҳам бугунги кунда ҳавас қилса арзигулик маскан.

Фикримизча, Пахтачи тумани ана шу номлардан бири билан аталадиган бўлса, тарихий адолат тикланади, халқнинг орзу-ниятлари ушалади.

Дўстмурод АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон Қаҳрамони.

Исмат САНАЕВ, ёзувчи ва шоир, филология фанлари номзоди.

Салоҳиддин БОБОМУРОДОВ, меҳнат фахрийси.

Фармон ТОШЕВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.