Мутолаа: Совчилар (ҳикоя). Шаҳодат Исахонова

 

Таниқли адиба ва таржимон Шаҳодат Исахонова асли иштихонлик. Туманнинг Шайхлар қишлоғида туғилган. 1973 йилда ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлагач, ҳаёти пойтахт билан боғланган.

«Она» (1976), «Илинж» (1978), «Муҳаббатнинг туғилиши» (1982), «Антиқа зиёфат» (1984), «Сирли тилак» (1986), «Интиқом» (1994) каби асарлари нашр этилган.

Шаҳодат Исахонова Бибихоним, Гавҳаршодбегим, шу кунларда эса Нодирабегим ҳақида романлар ёзиб, ўша даврнинг фожиаларга тўлиб-тошган жараёнларини акс эттириб, тарихнавис, романчилик маҳоратини эгаллаган ёзувчи сифатида ўзини намоён этди. Шу боис яқинда Тошкентда Шаҳодат Исахонова таваллудининг 75 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда адибанинг «Султон Жалолиддин Мангуберди», «Бибихоним», «Нодираи даврон», «Гавҳаршодбегим» китобларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид Шаҳодат Исахонованингадабиётимиз равнақи йўлида заҳмат чекиб ижод қилаётгани, унинг ривожига ўз ҳиссасини қўшаётганини эътироф этди.

Тарихни жонлантирган адиба дея таъриф этиладиган Ш.Исахоновани қутлуғ ёши билан табриклаб, ёзувчининг ҳикояларидан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз.

***

Совчилар (ҳикоя)

…Баҳорда мучал тўйи бўлган ўн икки ёшли Хонзода - Сарой Мулк хоним ҳовлидаги қари арғувон шохларига илинган ҳалинчакда учмоқда эди. У кўзларини юмган кўйи ҳавонинг забтига монанд тебранарди.

Отларнинг туёғидан кўтарилган ола-тасирли шовурдан хаёли бўлинган ва кўнглида алланечук хавотир уйғонган Сарой Мулк хоним сахтиён ковушларини майсаларга тираганича ҳалинчакни тўхтатди ва шошиб дераза томон бўйлади, дарвозадан от етаклаб кираётган йигитларни олдин танимади. Бўйнига сирғалиб тушган рўмолини бошига солганича, кўринмаслик учун ўзини дарров арғувон панасига олди. Эшикбон тулпорларнинг жиловини отбоқарга тутқазганича, йигитларни ичкарига чорлади.

Йигитлар икки киши эди. Йўл бошлаган йигитнинг овозидан Сарой Мулк хоним уни таниди ва вужудида совуқ бир ҳис уйғонди.

У йигитни ўтган ҳафта акаси Мусабекнинг никоҳ тўйида, куёв жўралар қаторида кўрган эди. Кўриниши кўркам бўлган бу йигит куёв жўралар ичида ажралиб турарди.

Келин-куёв учун ёқилган гулхан атрофида айланаётган куёв жўранинг нигоҳи қизлар қуршовида оловга исириқ сочаётган Сарой Мулк хонимга тушиб, ғалати чақнади, юзларида сирли бир ифода зоҳир бўлди ва иккинчи бора унинг ёнидан ўтаётганларида кўрганидан мамнунлигини сездириш учун қизга ошкора жилмайди. Учинчи бора яқинлашганларида эса ҳеч тап тортмай “Сизни боғда беклармен” деб шивирлади ва жавоб ҳам кутмасдан даврадан чиқиб кетди.
Куёв жўранинг Сарой Мулк хонимга эътибори хотин-халажнинг шивир-шивирига, имо-ишорасига сабаб бўлди. Қизариб-бўзарган Сарой Мулк хоним дугоналари билан келин-куёвлар ортидан тўйхона томон йўналаркан, кимнингдир “Амир Қазағоннинг набираси Ҳусайнбек шул йигитдир” деганини эшитди ва бошидан совуқ сув қуйилган каби вужуди бирдан сесканди. Кўз олдидан отасининг қонга беланган чеҳраси гавдаланиб, юраги ув
ишди. Тўрт ёшида нигоҳига муҳрланган бу фожиа орадан саккиз йил ўтса-да ўчмаган, аксинча, айни лаҳзаларда янада аламли ва оғриқли бир манзара касб этиб, қайтадан уйғонган эди. У ўша куни оқсоч қизнинг “Амир Ҳусайнбек Сизни боғда чорламоқда”, деган сўзларини эътиборсиз қолдирган бўлса-да, уни бу қадар бетакаллуфлик билан кириб келишини кутмаган эди.

Эшикбон йигитлардан олдинроқ ичкарига кирган эди ва ҳаял ўтмай, уларни чорлади.

-Ҳазрати Олиялари пешвоз чиқмоқдалар!

Йигитлар марҳум Қозонхоннинг беваси Хонлар бегимга бош эгиб, ҳурматларини изҳор қилишгач, узун, ганчкор йўлаклардан юришиб, меҳмонхонага киришди.

Меҳмонхона мўғул хонларининг ўтовлари каби айлана шаклида қурилган, шифти баланд, деворлари ипак гиламлар билан безатилган эди. Ерда ҳам бир-биридан гўзал, нақшлари ўткир ранглар билан жило берилган жулқурс ҳолилар тўшалган эди.

Қозонхоннинг беваси Хонлар бегим ўрта бўй, чеҳраси очиқ, лекин нигоҳлари қаттиқ, ҳаракатлари ва ўзини тутишидан фаросатли ва зийраклиги сезилиб турар, оппоқ кулча юзларидаги киборли ифодадан зодагон оилага мансублигини уқиш қийин эмас эди.

- Хуш кўрдик, Бек ҳазратлари, марҳамат қилсинлар!

Хонлар бегим тўрдаги хонтахта ёнида тўхтаб, уларни ўтиришга таклиф этди, - ташрифингиздан беҳад шодмен…

Ҳусайнбек тўрга жўрасини ундади, жўраси эса хижолат қилдими ёки ҳурматини билибми, ҳарқалай ундан пастроққа, деворларига парқу болишлар суятилган жойга одоб билан ўтирди.

Ўртага бир лаҳзалик сукунат чўкди. Қозонхоннинг беваси уларнинг ташрифидаги маънони англаш учун олдин Ҳусайнбекка, сўнгра ёнидаги йигитга синчковлик билан тикилди.

Хизматкорлар улардан сал нарироқдаги хонтахтага бахмал дастурхонлар солишиб, турли хил ноз-неъматлар билан безата бошлашди.

- Безовта бўлмоққа ҳожат йўқдур, - Ҳусайнбек хонтахта томон ишора қилди, - кейинроқ бафуржа келурмиз! Жўрамиз Мусабекни - келин-куёвларни бир йўқламоқ ва Сиз Ҳазрати Олияларининг дуосини олмоқ ниятида бирров кирдик…

Ҳусайнбек сўзларини тугатар экан, жўрасига маъноли қаради ва “Қолганини сиз давом этарсиз” деган ишорани билдирди.

- Сизни Худо йўқласин, Бек! - Хонлар бегим тўйдан олдин ҳеч қачон қадам босмаган Ҳусайнбекнинг сўзларига энсаси қотган бўлса-да, юзидан сездирмади. Ҳурмати учун миннатдорчилик билдирди.

Бир уруғ бўла туриб, эри Қозонхон билан ёвлашган ва охири бошига етиб тинчиган ҳовлиқма ва гуппи Амир Қазағонни Хонлар бегим азалдан ёқтирмасди. Бўлмаса, Қозонхон Амирга қанча яхшиликлар қилди. Барибир билмади, пайт пойлаб чалди. Ўтган йили Мусабекдан Амир Қазағоннинг набираси, мана шу Ҳусайнбек билан дўстлашганини эшитгач, унга эътироз билдирган эди.

Хонлар бегим Ҳусайнбекни бундан ўн йилга илгари, ўспиринлик чоғида кўрган эди. Куёв навкар бўлиб келган куни эса танимади. Кўриниши кўркам бўлсада, ҳаракатлари, қарашлари, ҳатто гап-сўзлари ҳам бобосига тортибди.
Ҳусайнбек томоқ қирди, бу жўрасига қарата “Суҳбатни давом эттиринг” дегани эди. Лекин эсига нимадир тушиб, энди гапирмоққа чоғланган жўрасини тўхтатди.

- Узр тилармен, Темурбек, сизни Ҳазрати Олияларига таништирмоқни унутибмен, бул йигит Чиғатой Амири Тарағай Баҳодурнинг ўғлони қобиллари Темурбекдир ва менинг учун жон-жўра мақомидадурлар.

Хонлар бегим нигоҳини Темурбекка қаратди.

Кўриниши виқорли, ҳаракатлари босиқ, қарашларида улуғворлик бор, бу йигитни кўрган заҳотиёқ кимгадир менгзаган ва боядан бери ўша сиймони хаёлида тикламоққа уринмоқда эди.

- Тарағайбек Баҳодур биз учун ота қадрдондур, - деди Қозонхоннинг беваси чиройи очилиб, - ул амирга чексиз ҳурматларимиз бор! Эгачингиз Қутлуғ Туркон Оға бирлан кўп даврадошлик қилганмиз, ғоят фозила аёл, саломларимизни етказурсиз!

Темурбек бош эгиб миннатдорчилик билдирди.
Унинг юзига қалққан самимий ифодани, қарашларидаги теран нигоҳни кўрган Хонларбегим барча оналар каби кўнглида ширин орзу туйди ва бу йигит ҳозироқ ўзига куёв бўладигандек меҳр билан бошдан оёқ кузатди. Чунки Сарой Мулк Хонимни узатмоқ фурсати етган, лекин, оғиз солаётган совчилар орасида кўнгли тўларлик куёв тополмагани боис, бу юмушни орқага суриб келмоқда эди.
Паҳлавон келбат, қошлари чизилган каби қоп-қора, қиррабурун, лаблари ним табассум қилиб турувчи бу йигитга ўғринча тикиларкан, хаёлан балки совчиликка келгандир деган ўй ҳам ўтди.

Чиғатой туркларининг одатига кўра, совчиликка ёши улуғроқ кайвони ёки маҳалла кўйнинг оқсоқоли, ҳурматли кишиларидан бирортаси борар ва бундай совчининг мавқеи, обрўсига қараб, қизнинг қиймати белгиланарди.
Турклаша бошлаган мўғулларда эса ҳалигача ўз одатлари, анъана ва расм-русмлар урф эди. Уларнинг қонун-қоидасига кўра совчиликка номзод йигитнинг ўзи борар ёки жўрасини ҳамроҳ қиларди. Қиз йигитга, йигит ҳам қизга маъқул тушса, куёв бўлмиш нишоналик совғасини белги сифатида бериб қайтарди.
Ҳеч қачон совчиликка бориб кўрмаган Темурбек, дўсти Ҳусайнбекнинг сўзини қайтара олмай, келишга розилик берган бўлса-да, айни лаҳзаларда гапни қандай бошлашни билмай ўнғайсизланиб турарди.
Ҳусайнбек “чайналманг, бошланг” деган каби нигоҳ ташлади.

- Элчига ўлим йўқдур, Ҳазрати Олиялари…

Куёв бўлмиш жўраси билан келганда, ўзи сукут сақлашини билгани учун Темурбекнинг гап бошлаши Хонлар бегимнинг хаёлларини бирдан тўзитди.

“Демак, куёв бўлмиш Ҳусайнбек…”
У қизини эртароқ эрга бериб юбормаганидан пушаймон бўлди.

- Қизлар хонадоннинг гули бўлиши бирлан эзгулик элчилари ҳамдирлар…
Темурбек Қозонхон Амир Қазағон томонидан ўлдирилганлигини билар, шу боис, сўзларни Хоннинг бевасига оғир ботмаслик учун териб-териб ва мулойим оҳангда ифодалашга ҳаракат қиларди.
Хонлар бегимнинг чеҳрасидан мамнунлигини ҳам
, хафалигини ҳам билиб бўлмади.

У бошини Темурбек томон хиёл эгилтирган куйи сўзларини тинглар, лекин хаёли Сарой Мулк хонимда эди.
Эридан айрилгач, Сарой Мулк Хонимнинг иқтидорли, уқувли эканлигини пайқаб, қизи тарбиясини ёлғиз ўзи назоратга олди. Сарой Мулк Хоним маликалар билиши керак бўлган нарсалардан ташқари от чопиш, қиличбозлик, ўқ отиш, кураш тушишда йигитлардан қолишмас, ўтган ёздаги имтиҳонда эса уста чавандоз ва курашчи Мутал Баҳодирнинг олқишига сазовор бўлган эди. Ўшанда Сарой Мулк Хонимнинг ўғил бўлиб туғилмаганидан кўнглида армон туйган эди.
- Сиз ҳаётни биздан теранроқ англарсиз, Ҳазрати Олиялари, - Темурбек Қозонхон билан амир Қазағоннинг ёвлашганига ишора қилиб гапирди, - шул боис, изоҳ бермоқ фикридан йироқмен, кеча оталар ёвлашган бўлсалар, бугун фарзандлар дўст мақомида турурлар. Дўстимиз амир Ҳусайнбек Хонзода Сарой Мулк Хонимнинг қўлларини сўраб ташриф буюрдилар ва бу юмушга бош-қош бўлмакни каминага юкладилар…
Қозонхоннинг беваси Темурбекнинг сўзларини киприк қоқмай тинглади. Темурбек ҳам елкасидан тоғ ағдарилгандай ўзини енгил сезди ва сўзларидан дўсти мамнун ёки йўқлигини билиш учун Ҳусайнбекка ўгирилди. Ҳусайнбек Хонлар бегимни қай аҳволга тушишини аввалдан тасаввур қилгани учун унинг юзига қарашга ботинмади. У Хонлар бегимнинг ўғли Мусабек билан синглиси учунгина яқинлашган, айни пайтда, Сарой Мулк Хоним учун ҳам ўзидан бошқа муносиб номзод йўқлигини пайқаб турарди.
- Миннатдорчилигимни қабул этинг, Бек, - Хонлар бегим Ҳусайнбекнинг юзига қарамай гапирди, лекин овозидаги бояги жарангдорлик ва ўктамлик ўрнини ғайритабиий бир маҳзунлик эгаллаган эди. Бир лаҳза сукут қилгач Темурбекка юзланди. - Кўп савоб ишга қўл урибсиз, меҳмон. Зеро, этни тирноғдан ажратиб бўлмас. Амир Қазағон уруғбошимиз эрди. Хонзодамиз бирлан Бекнинг юлдузлари бир-бирига тўғри келса, бошимиз кўкка етур…
Ҳусайнбек мамнунлик билан Темурбекка юзланаркан, нимагадир ишора қилди. Темурбек ҳам ўз навбатида “маъқул” дегандай бош ирғади. Шундан сўнг, Ҳусайнбек қўйнидан зар боғичли чарм халтача чиқариб, хонтахта устига қўйди.
- Арзимас нишоналик келтириб эрдик, Ҳазрати Олиялари, маъқул топсалар Хонзода бегимга ўзим топширсам…
Унинг бу таклифи Хонлар бегимга ёқмаганлигини Темурбек кўриб турарди. Хонлар бегим нима дейишини билмай бир лаҳза каловланди. Бир Ҳусайнбекка, бир Темурбекка кўз ташларкан, ёнидаги хизматкор қизга секин шивирлади.
- Хонзода бегимга меҳмонлар хабарини етказинг ва кўришмоқ ниятлари борлигини билдиринг.
Сарой Мулк Хоним хизматкор қизнинг чеҳрасидаги муғомбирона табассумдан йигитларнинг ташрифи боисини англаб, вужудига яна совуқ ҳис ўрлади.
- Улуғ амир Ҳусайнбек… - Хизматкор қизнинг гапи бўғзида қолди. Сарой Мулк Хоним “сўзлама” ишораси билан икки қулоғини бекитди.
Унинг мармар каби оқиш юзлари бирдан қизарди, чақнаб турган қоп-қора қуралай кўзлари маҳзун тортди ва узун-узун киприклари орасидан тирқираб чиққан ёшларни хизматкор қизга кўрсатмаслик учун, шитоб билан хонаси томон юрди. У хонасига кирганда ҳаяжондан титрар, нафас олишга қийналиб ҳансирар, бутун вужуди изтироб ва аламдан жиқ терга тушган эди. Амир Қазағон сулоласи уни тасаввуридаги падари бузрукворининг қотили эди.
Унга бошқача сифат ҳам, ёрлиқ ҳам ёпиштириб бўлмасди. Шу боис, Ҳусайнбекнинг ҳозирги мазмундаги ташрифи ҳам, назарида, калтабинлик ва ҳақоратдан бошқа нарса эмасдай туюлмоқда эди.
Жаҳли чиққанда “астағфуруллоҳ” калимасини ўнгача санайдиган Сарой Мулк Хоним ҳаяжони сусая бошлагач, Ҳусайнбекнинг ёнида бегона йигит борлигини, шу боис, амирга муносиб жавоб қилмоқ жоизлигини ҳис этиб кийинмоққа тутинди.
Сарой Мулк Хоним остонада кўриниши билан Ҳусайнбек ҳам, Темурбек ҳам ўринларидан даст туришди.
Сарой Мулк Хоним эгнида этаклари тўпиғигача узун ва бурмаси сариқ ранг хитойи шоҳи кўйлак, оёғига кумуш тасмали шиппак кийиб олган эди. Бошига ташланган рўмоли юпқалигидан олтин пўпакли узун сочлари шундоқ кўриниб турарди. Бир қарашдаёқ кўнгилга хуш ёқувчи оппоқ кулча юзлари, бодом қовоқлари, жиддийлашганда ҳам кулиб турувчи қуралай кўзлари, пасти қалинроқ ғунча лаблари иккала йигитни ҳам ҳайратга солган эди.
- Хуш кўрдик, Хонзодам. - Тавозе билан эгилди Ҳусайнбек.
- Хуш вақт бўлингиз…
Сарой Мулк Хоним кўзларини ерга қадаганича бош эгиб, йигитлар билан сўрашаркан, Темурбекка ўғринча назар ташлади.
Темурбекнинг ҳам нигоҳи бир зум у билан тўқнашди. Сарой Мулк Хоним унинг нигоҳида аллақандай бир туйғуни илғаркан, қизариб, дарров кўзини олди.
Ўртага бир лаҳзалик сукунат чўкди.
Шу орада хизматкор Хонлар бегимнинг шаҳар кутволининг хабарчиси йўқлаётганини билдирди. Йигитларга ҳам бу хабар ёқиб тушди. Хонлар бегимсиз эмин-эркин суҳбат бошланди.
Ҳусайнбек имтиҳон қилаётгандек, гап мавзусини ҳар соҳага буриб, фикр сўрар, ёшига нисбатан сокин ва мулойим сўзлаётган Сарой Мулк Хонимнинг жавобларидан ҳайратланиб, Темурбекка қараб-қараб қўярди.
Темурбек Сарой Мулк Хоним ҳақида опаси Қутлуғ Туркон Оғодан кўп яхши фикрлар эшитган бўлса-да, унинг бу қадар тарбияли ва зукколигини тасаввурига келтирмаган эди.
Лекин Сарой Мулк Хоним ҳозир сўзамоллигини кўз-кўз қилмоқ ёки билимли, маърифатли, истеъдодли эканлигини Ҳусайнбекка кўрсатиб қўймоқ учун эмас, балки бир қарашдаёқ илиқ нигоҳи билан кўнглини ўқий олган Темурбекнинг қулоқларига сўзлари хуш келаётганини ҳис этгани учун, беихтиёр, очилиб сўзламоқда эди.
Темурбек юрагининг туб-тубидан туғён ура бошлаган ҳисларини сиртига чиқармаслик, юз ифодасида зоҳир этмаслик учун, кўзларини ерга тикканича, бошини эгиб олган эди.
Хонлар бегимнинг кириши уларнинг гапини бўлди. Танишув ва суҳбатдан кўнгли тўлган Ҳусайнбек хонтахта устидаги чарм халтани очиб, ичидан олмос кўзли узук ва зирак олди.
- Бул ҳадя танишувимиздан хотира бўлсин, - Ҳусайнбек тақинчоқларни Сарой Мулк Хонимга узатди.
Сарой Мулк Хонимнинг юзларига қон урилгандай дувва қизарди. У ялт этиб Темурбекка қараркан, оҳистагина “ташаккур” деди, лекин олмади. Қўли ҳавода қолган Ҳусайнбек изза бўлганидан томоқ қирганича, Хонлар бегимга савол назари билан ўгирилди.
- Эсдаликка шошилманг Бек, эшикларимиз сиз учун ҳамиша очиқ, - Хонлар бегим Ҳусайнбекка ҳам, Темурбекка ҳам алоҳида-алоҳида таъкидлади.
- Хотира ва совға мавриди қочмас. Сиз, Хонзода билан яна суҳбатлашинг, чунки сиз учун-да, Сарой Мулк Хоним учунда йўлдош танламоқ кўп масъулиятли. Сизлар элнинг устидаги улуғсизлар!..
- Иншооллоҳ, мен адашмасмен, Ҳазрати Олиялари, -Ҳусайнбек жўраси олдида рад жавоби эшитишидан қўрқиб, тақинчоқларни шоша-пиша Хонларбегим томон сурди. - Сарой Мулк Хоним улуғ саройларнинг маликаси бўлмоғига иймоним комил!
Хонлар бегим ўткир кўзларини Ҳусайнбекка тикканича, жим қолди. Кейин қизининг кўнглини билмоқ мақсадида унга қаради. Сарой Мулк Хонимнинг нигоҳларида изтиробдан ўзга нарсани кўрмади.

Хонлар бегим ўртада пайдо бўлган совуқликни чуқурлаштирмаслик учун, меҳмонларни дастурхонга таклиф қилди.

Авзойи бузилган Ҳусайнбек кўнглида кечаётган фикрларни билдирмасликка тиришиб, тушликка рози бўлди.

- Маликам, жўрамиз Мусабекнинг таърифлашича, Сиз, улуғ чавандоз Мутал Баҳодирнинг олқишига сазовор бўлиб эмишсиз. -Ўртадаги сукунатни бузиб, гап бошлади Ҳусайнбек, дастурхон атрофига ўтиришгач.

Сарой Мулк Хоним қизариб, ерга қаради.

- Мутал Баҳодир катта рағбат билан сўзламишлар…

- Бул таърифни синаб кўрмоқ фурсатимиз бор. Боз устига дўстимиз Темурбек Тарағайнинг чавандозлик истеъдоди кўп мукаммалдур, - Ҳусайнбек шундай дея, Темурбекка юзланди, - ҳакамлик қила билур…

- Мен ҳавасманд бир шогирдмен… - қизариб эътироз билдирди Сарой Мулк Хоним ва ҳазил аралаш қўшиб қўйди:

- Сизлар-ла чопишмоққа кўп қовун пишиғи бор…

Темурбек ялт этиб Сарой Мулк Хонимга қаради. Сарой Мулк Хоним унинг нигоҳида яна бояги иссиқ ифодани кўрди. Кўнгли бир қалқиб тушди.

Хонлар бегимнинг хаёли эса тамоман бошқа ёқда эди. Эрининг вафотидан кейин ҳувиллаб қолган хонадоннинг қачонлардир яна гавжумлашишини, талон-тарож бўлган давлатнинг яна ошиб-тошишини худодан сўраган эса-да, бу бахтга эрининг қотиллари марҳамати билан эришишини хаёлига келтирмаган эди. Шу боис, йигитларнинг бугунги ташрифидан қувонишини ҳам, хафа бўлишини ҳам билмай дам қўнажак бахт қуши илинжида энтикар, дам калхат чангал солаётган қизининг тақдиридан хавотирга тушмоқда эди.

Ҳусайнбекнинг томоқ қириши Хонлар бегимнинг хаёлини бўлди.

- Энди бизларга, жавоб, Ҳазрати Олиялари.

У Хонлар бегимнинг жавобини ҳам кутмасдан ўрнидан тураркан Сарой Мулк Хонимга мулозамат қилди.

- Иншооллоҳ, бундан буён бир оёғимиз шу ерда бўлур!..