Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раҳмат Қобилов 100 ёшида вафот этди

Каттақўрғоннинг пиру бадавлат нуронийларидан бири, энг эъзозли инсони, нафақат фарзанд ва набиралари, балки Боғот маҳалласининг фахри бўлган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раҳмат Қобилов вафот этди.
Р.Қобилов 1925 йилда Каттақўрғон туманида туғилганди. Унинг болалиги оғир йилларга тўғри келди, ўсмирлик чоғларидан колхозда ишлаб, суяги меҳнатда қотди. Уруш бошлангач, аввал икки акасини, кейин 17 ёшида уни ҳам фронтга сафарбар қилишди. 363-танкчилар дивизияси таркибида Польша, Чехословакия ва Австрия ҳудудларида бўлиб ўтган жангларда мардлик ва жасорат кўрсатди. Бир неча бор жароҳатланиб, госпиталларда даволаниб яна фронтга қайтди. Ҳатто, урушдан кейин ҳам ҳарбий хизматни давом эттириб, 1950 йилдагина уйигакелди.
Колхозда, электр станциясида, телефон алоқа тармоғида ишлади. Оилали бўлиб, ўн нафар фарзанд кўрди. Юздан ортиқ невара-чевараларнинг бобоси бўлди.
Раҳмат Қобилов бир умр заҳматли меҳнати, ҳалол ва фидойилиги билан фарзандларига, маҳалла аҳлига ибрат бўлди. Ёшлардан ўз ҳаётий тажрибалари, маслаҳатларини аямади. Уларни тўғри йўлга бошлади, касб-ҳунарли бўлишга ундади.
Отахон юртимизда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган алоҳида ҳурмат-эҳтиромдан баҳраманд бўлиб, ҳаёт кечириб келаётганди. Айниқса, кейинги йилларда 9 май арафасида, бошқа байрамларда давлат раҳбарининг табрик ва совғаларини олганда жуда хурсанд бўлиб, шу кунларга етказганига шукрона айтарди, эзгу ишлар бошида турган инсонларни дуо қилишдан чарчамасди.
Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги арафасида, улуғ ёшда бандаликни бажо келтирган Раҳмат Қобиловнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этамиз!
Бугунги тинч-осойишта кунлар учун заҳмат чеккан, урушда жасорат кўрсатган миллионлаб юртдошларимиз қаторида Раҳмат бобонинг ҳам пок номи ва жасорати халқимиз хотирасида мангу қолади.
“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими,
Каттақўрғон тумани ҳокимлиги.