Самарқандда Корея технология ва маданият коллежи очилади

Самарқанд халқаро технология университети делегациясининг Жанубий Кореяга амалий сафари самарали бўлди. Университет ректори Юсуф Aбдуллаев Жанубий Кореянинг қатор етакчи таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолади.

Шунингдек, яқин кунлар ичида Корея Илғор илм-фан ва технологиялар институти билан ҳам ҳамкорлик битими тузишга келишиб олинди.

Ушбу меморандумлар асосида Самарқанд халқаро технология университетида технологик инжиниринг, “яшил” энергетика, ахборот-технологиялари, корейс тили йўналишларида Жанубий кореялик ҳамкорлар билан юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, Самарқанд халқаро технология университети қошида Корея технология ва маданият коллежини очишга келишиб олинди. 2023 йилнинг январида фаолият бошлайдиган мазкур коллежда “яшил” энергетика (қайта тикланувчи энергия), ахборот-технологиялари дастурчиларини тайёрлаш, дизайн (саноат, иқтисодиёт, қурилиш дизайнерлиги) ва корейс тили бўйича мутахассислар тайёрланади.

Осиё маданияти ва тараққиёти институти ушбу коллежни малакали ўқитувчилар билан таъминлаш вазифасини ўз зиммасига олади. Ипак йўли университетлар тармоғи директори Хванг Сунг Дон эса ушбу коллежга раҳбарлик қилади.

Томонлар, шунингдек, ҳамкорликда замонавий талабларга жавоб берадиган қўшма ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, университетлар ўқитувчи ва профессорларининг ўзаро малака ошириши ҳамда талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ўқитиш материаллари, тадқиқот лойиҳалари, мақолалар ҳамда кутубхонадаги ресурслардан фойдаланиш, биргаликда маҳорат дарслари ташкил этишни ҳам амалга оширади.

Мазкур таълим муассаси 2023 йилнинг январидан 250 нафар талабани ўқишга қабул қилади ва улар нефт-газ муҳандислиги, кимёвий муҳандислик, кончилик иши, геология ва геология муҳандислиги йўналишларида таълим олади.

Таълим масканида Aмерика, Европа, Осиё, Aвстралия ва Aфрикадаги етакчи таълим ва илмий-техника марказларида фаолият олиб бораётган етакчи ўқитувчилар ва мутахассислар, жумладан, хорижий мамлакатларда фаолият олиб бораётган ватандош мутахассислар ҳам ишга таклиф этилган.

Aйни пайтда университет кампусини барпо этиш учун Самарқанд шаҳрида Зарафшон дарёси яқинидан умумий майдони 6 гектарлик ер майдони ажратилган. Келгуси ўқув йилигача бу ерда 1000 ўринли 5 қаватли ўқув биноси, талабалар турар жойи, лаборатория, спорт зали, кутубхона, хорижий ўқитувчилар учун турар-жой биноси ва бошқа иншоотлардан иборат бўлган замонавий корпус бунёд этилади.

- Ишончли ҳамкорларга эга бўлиш - университет ва талабалар келажаги учун муҳим вазифа, – дейди Юсуф Aбдуллаев. – Шу боис фаолиятимизнинг дастлабки чоғларидан ҳам олий таълим, ҳам касбий фаолият борасида хориждаги етакчи олий ўқув юртлари ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга эътибор қаратдик. Бу борада Жанубий Корея тажрибаси биз учун ниҳоятда муҳим.

Асила ИБРАГИМОВА.