1 июлдан ихтисослаштирилган мактабларга қабул бошланади

1 июлдан халқ таълими тизимидаги айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари (5-синф) ва мактаб-интернатлари (7-синф)га 2020−2021 ўқув йили учун ўқувчилар қабули жараёни бошланмоқда, дея хабар берди Халқ таълими вазирлиги.

Маълум қилинишича, ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг 5-синфи учун ҳужжатлар 1 — 31 июль кунлари, 7-синф учун ҳужжатлар 1 — 20 июль кунлари қабул қилинади.

Ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига иқтидорли ўқувчилар Давлат тест маркази томонидан тегишли фанлар бўйича ўтказиладиган тест синовлари (саралаш танлови) натижалари асосида қабул қилинади. Пандемия шароитини инобатга олиб, ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида ҳужжатларни онлайн қабул қилиш учун шароитлар яратилмоқда.

Хабарга кўра, ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқувчилар қабули бўйича танловлар август ойида олий таълим муассасаларига қабул тест синовлари якунланганидан сўнг ўтказилиши кутилмоқда. Бунда, мамлакатдаги карантин чекловлари сабабли саралаш танловларини ўтказиш муддати ўзгартирилиши мумкин.

Талаб этиладиган ҳужжатлар

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига кириш учун номзодлар томонидан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

➖ ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаси директори номига ариза;

➖ туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

➖ тиббий маълумотнома;

➖ 3 х 4 ҳажмдаги 4 та фотосурат.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари рўйхати билан ХТВ сайти орқали билиб олиш мумкин.