1 ноябрдан фуқаролар ҳисоблагични 8 йилда бир бор қиёслашдан ўтказади
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга кўра, 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ҳамда иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.
Энди истеъмолчилар бевосита давлат хизматлари марказига сўровнома ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда мурожаат қилгач, ҳисоблагичлар 5 иш кунида ечиб олинади, 3 иш кунида қиёслашдан ўтказилиб, 3 иш кунида ўрнатилади. Ҳисобга олиш ускунасини ечиб олиш, қиёсловдан ўтказиш, ўрнатиш бўйича бир вақтда мурожаат қилинганда фақат бир марта ҳақ ундирилади. Ускунани ечиш ва қайта ўрнатиб бериш учун аҳолидан тўлов талаб қилинмайди. Яна бир қулайлиги жисмоний шахслар 8 йилда, юридик шахслар эса ҳар 4 йилда ускунани қиёслашдан ўтказади.
Ҳисобга олиш ускуналарини ечиш хизмати жойлардаги ҳудудий электр тармоқлари, газ, иссиқ сув корхоналари ва мажбурий ижро бюроси вакиллари ва фуқаро иштирокида ўтказилади. Ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун жисмоний шахсдан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи (ҳозирда 44 минг 600 сўм) миқдорида тўлов ундирилади. Юридик шахслар эса базавий тўловнинг 1,5 баробари миқдорида банкдаги тегишли ҳисоб рақамига маблағ ўтказиши талаб этилади. Ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш назарда тутилмаган ҳолларда ечиш ёки ўрнатиш учун йиғим ундирилмайди. Қолган барча жараёнлар таъминотчи корхоналар томонидан бажарилади.
Акмал ТУРАБОВ,
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси юристконсульти.