1 январдан аҳоли ва тадбиркорлардан 15 турдаги ҳужжат ва маълумотларни сўраш тартиби бекор қилинди

2022 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан қуйидаги маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди:

- тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотлари;

- лицензия, рухсат етиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома мавжудлиги бўйича маълумотлар;

- давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлиги тўғрисида маълумотлар;

- қимматли қоғозлар, қимматли қоғозлар билан амалга оширилган операциялар, дивидендлар олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

- кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида маълумотлар;

- жисмоний шахслар томонидан тўланган ва олинган алиментлар тўғрисида маълумотлар;

- олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотларини;

- жисмоний шахс ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотлар;

- жисмоний шахс умумий ўрта таълим (11-синф негизида) муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотлар;

- фуқаро “Ёшлар дафтари” ёки “Aёллар дафтари”да мавжудлиги тўғрисида маълумотлар;

- ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотлар;

- олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотлар;

- молиявий ҳисоботлар нусхалари;

- жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномалар;

- ижтимоий нафақа ва пенсиялар тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни.

Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда юқоридаги ҳужжат ва маълумотларни белгиланган масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда "Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.