10 июнь – Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган кун (1999 йил)

Аёлни муқаддас билиш, унга алоҳида эҳтиром кўрсатиш, озод ва обод юртимиз келажаги бўлган ҳар томонлама етук ёшларни тарбиялашдаги беқиёс ўрнини яна бир бор эътироф этиш, баркамол, оқила хотин-қизлар авлодини вояга етказиш, улар орасидаги иқтидорли ёшларнинг адабиёт, санъат, фан ва маданиятни ривожлантиришдаги ютуқлари, тенгдошларининг миллий истиқлол ғоялари ва маданий-маънавий қадриятларга эътиқодининг юксалиши йўлидаги ибратли фаолияти, кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фанлар академияси, Бадиий академия, «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази, Ёзувчилар, Бастакорлар, Меъморлар уюшмалари, «Олтин мерос», «Камолот», «Умид», «Улуғбек», «Наврўз» жамғармалари ва кенг жамоатчиликнинг Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифлари маъқуллансин.

Зулфия номидаги Давлат мукофотини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакилаларига иккитадан ҳар йили Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида бериш мақсадга мувофиқ, деб топилсин.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонидан.