10 минг доллар олган доцент СамИСИ ўқитувчиси эмас
15 июль куни Zarnews.uz ва бошқа ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти доценти 10 минг доллар билан “ушланди” сарлавҳаси хабар тарқалди.
Хабарда таъкидланишича, Самарқанд вилоят ДХХ бошқармаси ҳамда ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир жараёнида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти доценти маълум бир фуқарони ўзининг воситачиси бўлган жиноий шериги билан биргаликда ушбу ОТМга ўқишга киритиб қўйиш учун 10 минг АҚШ доллари олаётган вақтда ушланган. Хабарда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ҳамда ишга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш жараёнлари олиб борилмоқда, деб келтирилган.
Мазкур хабар юзасидан Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти қуйидагиларни маълум қилади:
Қўлга олинган Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти доценти дея таъкидланаётган шахс билан иш фаолиятида йўл қўйган қўпол камчиликлари туфайли тузилган меҳнат шартномаси 2018 йил 23 март куни бекор қилинган.
Меҳнат шартномасининг бекор қилинганлигидан норози бўлган фуқаро фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, вилоят ҳамда Олий судларига қайта-қайта мурожаат қилган ва бир нечта суд процесслари бўлиб ўтган.
Ҳозирги кунда ушбу шахс Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида фаолият юритмайди.
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти матбуот хизмати.