10 ойда 260 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож қилинган

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлим бошлиғи Фарҳод Очилов АОКАда бўлиб ўтган анжуманда йил бошидан йўл қўйилган қонунбузарликлар бўйича айрим фактларни келтириб ўтди.

Жумладан, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти органлари томонидан жорий йилнинг 10 ойида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида давлат бошқаруви органлари, таълим, соғлиқни сақлаш, банк, молия, ёқилғи энергетикаси, қурилиш соҳаларида жами 436 ҳолатда 260 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож этилгани фош қилинди.

Хусусан, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳамда сохтакорликка йўл қўйиш билан боғлиқ 89 та жиноятга чек қўйилган. Бу жиноятларнинг энг кўпи давлат бошқаруви органлари ҳиссасига тўғри келади.

Давлат харидларини сунъий равишда қиммат нархда сотиб олиш билан боғлиқ 27 та жиноят аниқланган. Таълим, соғлиқни сақлаш, ёқилғи энергетика, маданият тизими ва бошқа йўналишларда ана шундай жиноятлар кўпроқ қайд этилди.

Шу билан бирга, қурилиш соҳасидаги 187 та жиноят туфайли давлат бюджетига 60 миллиард сўмлик зарар етказилгани аниқланган. Ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция қилишда бюджет маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ 27 та жиноят фош этилган.