101 йиллик байрам

Туркия Республикаси ташкил топган кун Самарқандда ҳам нишонланди.

Самарқанд шаҳрида ушбу санага бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, ҳоким маслаҳатчиси Нозир Ибрагимов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, Самарқанддаги Туркия Республикаси бош консули Салиҳ Жанер, вилоят ва Самарқанд шаҳар ҳокимлиги вакиллари, зиёлилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, айни пайтда Самарқандда яшаётган ва фаолият юритаётган Туркия фуқароларидан бир гуруҳи иштирок этди.

Дастлаб Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг мамлакат мустақиллигининг 101 йиллиги муносабати билан йўллаган табриги видеолавҳа орқали намойиш этилди. Сўнгра консул Салиҳ Жанер бундан 101 йил аввал, 1923 йил 29 октябрь куни Мустафо Камол Отатурк томонидан ташкил этилган Туркия давлати бугун жаҳонда ўз ўрни ва мавқеига эга эканлигини таъкидлади.

- Ўзбекистон Республикаси дунё ҳамжамиятига ўзини мустақил давлат сифатида эълон қилганда, буни биринчилардан бўлиб Туркия тан олиб, дўстона ҳамкорлик қўлини узатган эди, — деди вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов. — Бугунги кунга келиб ҳам Туркия Ўзбекистоннинг энг ишончли ҳамкорларидан бири саналади. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманитар, туризм соҳаларидаги ҳамкорлик самараси ўлароқ бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, бугунги кунда вилоятимизда деярли барча соҳаларда туркияликлар билан яқин ҳамкорликда ишлар олиб бориляпти.