120 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди
Кўклам нафаси уфуриб турган айни кунларда Самарқанд тумани ободонлаштириш бўлими ходимлари тумандаги ариқ ва зовурлар, кўчалар, хиёбонлар, қабристон ва зиёратгоҳларни тозалаб, кўчат ниҳоллари экишни бошлаб юборди.
Бу ташаббусни туман ҳокими Н.Мавлонов ҳам қўллади ва бу жараёнларда иштирок этди.
- Ободонлаштирилган ҳудудлардан чиқиндиларни олиб чиқиш учун 10 га яқин техника жалб қилинди, - дейди туман “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси бўлим бошлиғи Равшан Хайруллаев. - Айни вақтга қадар техникаларимиз 20 тоннага яқин чиқинди олиб чиқди. 30 километрга яқин йўллар, 10 километр ариқ ва зовурлар чиқиндидан тозаланди. Албатта, бу ишлар ҳар кунги вазифамиз. Қувонарлиси, ташкилотлар томонидан яқиндан ёрдам берилаётгани, ўзларининг ҳудудларини обод қилаётгани туман ободончилигига улкан ҳисса бўлмоқда.
Бугунги кунга қадар туманда 120 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари экилди. Тумандаги истироҳат боғида эса япон сафораси, Қрим қарағайи, павловния, катальпа каби гўзал манзарага эга ва тез ривожланадиган мингдан ортиқ кўчат экилиши режалаштирилган.
Самарқанд тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.