13,5 миллион сўмга тенг бўлган пиротехника воситалари мусодара қилинди
Пиротехника бугунги кун маданиятига кириб улгурди. Аксарият байрамларни, айниқса, Янги йил байрамини “нурли шоу”, бенгал шамлар ва бошқа кўнгилочар, аммо анчагина хавфли атрибутларсиз тасаввур қилиш қийин бўлиб қолди.
Юртимизда пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси тақиқланган бўлишига қарамасдан, жамоат жойларида, бозорлар, савдо марказлари атрофида инсофсиз савдогарлар фуқароларга сертификатланмаган мушаклар, петардаларни харид қилишни таклиф этмоқда. Бу каби воситалар инсонларга тан жароҳатлари етказиши ёки ёнғинга сабаб бўлиши мумкинлигидан барча савдогарларнинг хабари бор.
Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари пиротехникани пойтахтга олиб кирмоқчи бўлганларга ва сертификатланмаган пиротехника савдоси билан шуғулланаётганларга қарши мунтазам равишда тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Пиротехника воситаларининг ноқонуний савдосини аниқлашга қаратилган профилактик тадбирлар давомида Бектемир тумани ИИО ФМБ ходимлари 13 та қонунбузарлик фактларини қайд этишди. Шулардан 4 таси – декабрь ойининг бошидан аниқланган. Умумий қиймати 13 500 000 сўмга тенг бўлган пиротехника воситалари мусодара қилинди. Қўлга тушган фуқароларга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённомалар тузилди.
Сертификатланмаган пиротехника маҳсулотларини аниқлаш бўйича ишлар давом этмоқда.