141 мурожаатчига 8,97 миллиард сўм кредит ажратилди

Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси томонидан жорий йилнинг олти ойида жисмоний ва юридик шахслардан 740 та ёзма мурожаат келиб тушди. Уларнинг аксариятини тадбиркорлик, уй-жой (ипотека) кредити масалалари ташкил этмоқда.

Мурожаатларнинг ҳар бири бош бошқарманинг малакали мутахассислари томонидан ўрганилиб, уларга ўз вақтида асослантирилган жавоблар берилмоқда. Шу билан бирга, келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли ўрганиш ва амалдаги қонунчилик доирасида ижобий ҳал этиш бўйича зарурий чоралар кўрилди. Хусусан, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида кредит масаласида келиб тушган мурожаатларнинг 141 тасига 8,97 миллиард сўм кредит ажратилди.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг банк тизимига оид мурожаатларини ижобий ҳал этиш мақсадида жойларда тижорат банклари раҳбарлари иштирокида сайёр қабуллар, бош бошқармада қабуллар ташкил этилиб, мурожаатларда кўтарилган масалаларни жойида ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, вилоят банк тизимига оид мурожаатлар юзасидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий маслаҳатлар,  жисмоний ва юридик шахсларга тегишли маълумот ва тавсиялар берилмоқда.

Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармаси ахборот хизмати.