15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни
1983 йилдан буён ушбу сана бутун дунёда кенг нишонланади.
АҚШ собиқ президенти Жон Кеннеди Конгресснинг 1962 йил 15 март куни ўтказилган мажлисида нутқ сўзлаб, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиб чиқади ва уларнинг асосий ҳуқуқларини ўз ичига олган декларацияни имзолайди. 1983 йилдан буён ушбу сана бутун дунёда Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни сифатида кенг нишонланади.
Юқоридаги ҳужжат истеъмолчиларнинг маҳсулот (хизмат) ҳақида маълумот олиш, унинг сифати (хавфсизлиги)га ишонч ҳосил қилиш, маҳсулот (хизмат)ни танлаш ҳамда унга ўзгартириш киритиш каби ҳуқуқларга эга бўлишини таъминлади. 1985 йил 9 апрелда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош ассамблеяси томонидан истеъмолчилар ҳуқуқлари муҳофазасининг асосий тамойиллари қабул қилингач, бу рўйхатга тоза атроф-муҳитга эга бўлиш, зарар учун товон олиш, асосий эҳтиёжларини қондириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бўйича таълим олиш каби ҳуқуқлар ҳам қўшилди. Мазкур резолюция билан истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари халқаро миқёсда тан олиниб, қонуний кучга эга бўлди. Шу ўринда ушбу ҳужжат Ўзбекистон Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Республикамизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган бўлиб, Асосий қонунимизнинг 53-моддасида истеъмолчилар ҳуқуқлари устунлиги принципи ўз ифодасини топган. Бундан кўриниб турибдики, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ва истеъмолчи манфаатлари бир-бирига зид келганда устунлик истеъмолчи томонида бўлади. Бошқача айтганда, истеъмолчи ҳар доим ҳақ.
ЎзА.