17 ёшли мактаб ўқувчиси чақмоқ урган самолётдан улоқтирилди
У қандай қилиб ўз ҳаётини сақлаб қолди ва Амазон чангалзорига таслим бўлмади.
1971 йилнинг 24 декабрида 86 йўловчи ва 6 экипаж аъзоси бўлган самолёт Лима халқаро аэропортидан Перунинг йирик шаҳри Икитосга йўл олди. Қариндош ва дўстлари билан тез орада учрашишини режа қилган йўловчиларнинг барчаси кўтаринки руҳда эди. Учишидан ярим соат ўтиб, самолёт Перу осмонида изсиз ғойиб бўлди. 10 кундан кейин қутқарувчилар тропик ўрмонда олиб борилаётган қидирувни тўхтатишди. 12 кунда эса ақлбовар қилмайдиган қийинчиликлардан ўтиб, 17 ёшли Юлиане Кёпке топилиб келди.
Юлиане онаси билан бирга отасининг олдига кетаётган эди. Қиз бахтиёр эди, лекин негадир онасининг юраги ғаш бўлиб турарди. Об-ҳаво ноқулайроқ бўлгани сабабли учувчилар самолётни ёмғирли довон оша учиб ўтишга қарор қилишди. Афсуски, чақмоқ самолётнинг ўнг қанотига урилди ва ёнилғи бак ёниб кетди. Бақир-чақир бошланди, Юлианенинг онаси унга “Тамом, бу охири” деб айтди. Учоқ чакалакзорга қараб тушишни бошлади.
Фюзеляж ёни чирсиллаб ёрилиб, нохосдан Юлиане ўтирган камар билан боғланган курсини салондан улоқтириб юборди. У тахминан 3 километр баландликдан пастга қараб тушиб кетди. Бирнеча соат ўтиб, у елка суяги синган, тизаси ёрилган ва танасидаги кўп кесилишлардан оғриқ сезиб ўзига келди. Аммо жиддий жароҳатларсиз у ўрнидан туришга ва ҳатто бу ерни тарк этишга муваффақ бўлди.
Юлианенинг қандай қилиб омон қолганлиги тўғрисида бугунги кунларда ҳам баҳслар олиб борилади. Биров унинг дарахт тепасидаги шох баргларига илиниши натижасида ерга қўниши юмшаган деса, бошқа биров курси вертолёт парраги вазифасини бажариб чайқалган, шунинг учун унинг ерга қўниши нисбатан юмшоқ бўлган деб айтади. Нима бўлганда ҳам мўъжиза юз берди.
Афсуски, 17 яшар ўқувчи учун фақатгина мўъжизанинг ўзи етарли эмас эди. Эркин учиб, қулаши камлик қилганидек, ўрмондан ўзи мустақил равишда чиқиб кетиши керак эди. Кучли ёмғир ёнғинни ўчирди, қуюк тропик ўрмон самолёт парчаларини ишончли яширарди. Ўша пайтдаги навигация тизимлари ҳозиргиларга қараганда, анча суст бўлган ва қутқарувчилар учоқ қулаган жойни топа олишмаган. Юлиане фақат ўзига ишониши керак эди. Гап шундаки, у чакалакзордан қўрқмасди.
Кёпке оиласи асли Германиядан бўлиб, Юлианенинг ота-онаси машҳур паррандашунос (орнитолог), кўп йиллар давомида Перуда ишлаган ва кўпинча қизини ўзлари билан бирга ўрмонга олиб кетишган. Ўша ерда у тирик қолиш асосларини ўрганган. Шунга қарамай, енгсиз калта кўйлакда, кўзойнаги ва оёқ кийимининг биттасини йўқотган қизнинг бу ердан чиқиб кетиш имконияти жуда оз эди. У осмондаги самолёт двигателларининг гуриллашини эшитарди. Лекин уни ёмғир ёғаётган ўрмон остида ким ҳам кўрарди? Кёпке оқаётган сой топиб, оқимга қараб пастга тушишни бошлади. Унинг бахтига олдидан бирор бир хавфли йиртқич чиқмади.
Йўлида Юлиане самолёт парчаларини, юклар ва ҳатто жасадларни учратди. Бир сумка ширинлик ҳам топиб олди. Уч кун панеттоне (кексга ўхшаган Италия ширинлиги) ва конфетлар билан озиқланди. Егулик тугагандан сўнг у фақат сув ича бошлади. Аста–секинлик билан ўзини назорат қилолмаслигини сезди, эси кирарли-чиқарли бўлиб, оқим оралаб кетишда давом этди. Ўнинчи куни у бор кучини тўплаб, зўрға юриб бораётганида, бўш чайла ва қайиққа дуч келиб қолди. Жароҳатларининг бирида чивинлар личинка ётқизгани сабаб, қаттиқ йиринглаш бошланган эди. Отаси касал итнинг шунга ўхшаш касаллигини даволаганини эслаб, чайладан топган “канистра”даги бензин билан ярасини ювди.
Ўша ерда тунаб ҳам қолди. Эрталаб у овозларни эшитди – бу маҳаллий ёғоч кесувчилар эди. Улар Юлианенинг бу аҳволини кўриб қўрқиб кетишди. Қиз уларга испан тилида муомала қилиб, нима бўлганлигини тушунтирди. Уни яқин орадаги қишлоққа, кейин эса шифохонага олиб боришди. Тез орада отаси етиб келди. Улар бир-бирларини кўриб, гапира олишмади, фақат қучоқлашиб, қаттиқ йиғлашарди...
1972 йилда оила Германиянинг Франкфурт шаҳрига қайтиб келди. Юлиане ота-отаси изидан бориб, биология бўйича илмий даражани олди. У кўршапалакларни ўрганарди ва ҳатто иш билан Перуга қайтиб келди. Ҳозир унинг ёши 65 да ва у кутубхона ишчиси. Унинг кечинмалари асосида иккита фильм суратга олинган ва энг кўп сотилган китоб нашрдан чиққан. Лекин унга машҳурлик керак эмас эди. У шунчаки, тунда тинч ухлашни хоҳларди. Асосийси, у энди учишдан қўрқади ва учувчиларга ишонмайди.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.