1952 йилда ғойиб бўлган поезд: У икки кун қаерга саёҳат қилган эди?
Бу воқеа 1952 йилнинг 7 июнида содир бўлди. Қуёшли ва иссиқ кунда Ленинград шаҳрининг Финланд (Финляндский) вокзали гавжум эди. Мактаб ўқувчилари ёзги таътилни лагерда ёки бобоси ва бувисининг уйига ўтказиш мақсадида 526-рақамли поездда Виборг шаҳрига йўл олишди.
Ленинград ва Виборг ўртасида масофа бор-йўғи 120 километр бўлиб, поезд 2,5 соатдан кейин йўловчиларини манзилига етказиши мўлжалланган эди. Лекин поезд соат 14:00 да ҳам, тунги соат 2:00 да ҳам станцияга келмади.
Поезднинг сирли ғойиб бўлиши
Поезд станцияга ўз вақтида келмаганида, кутиб олувчилар “Бу техника бўлса, йўлда ҳар нарса бўлиши мумкин”, дея хавотирланмади. Бироқ, у соат 15.00 да етиб келмаганидан сўнг перрондагилар хавотирга туша бошлади, пионер лагерлари тарбиячилари ва бобо-бувилар станция бошлиғининг кабинетига бостириб киришди. Соат 17.00 га келиб вазият кескинлашди ва платформада милиция отрядлари пайдо бўлди. Одамлар уларнинг тинчланиш ва тарқалиш илтимосларига жавоб беришмади, аксинча станцияда тўпланишда давом этди.
Диспетчерлар ваҳимага тушган одамларга ҳам, ҳуқуқ-тартибот ходимларига ҳам тушунарли жавоб бермади. Гап шундаки, улар поезд бошлиғи ёки машинист билан эфир орқали боғлана олишмаганди. 526-рақамли поезд ўтиши керак бўлган станция ва чорраҳалар ходимларидан ҳам жўяли бир маълумот келмади. Фақат битта бекат навбатчиси Виборгга кетаётган поезд соат 13.30 да локомотивдаги байроқлар ва сигналларга муносабат билдирмай, катта тезликда ўтиб кетганини айтди.
Қидирув операцияси
Ушбу ташвишли хабардан сўнг милиция ходимлари темирйўлчилар билан ҳамкорликда рельслар бўйлаб поездни излашга тушишди. Ленинграддан болалар билан тўла ўнлаб вагонлар гўё ҳавога учиб кетгандек бўлди. Соат 20.00 да бу “янгилик” Москвага, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик вазирлиги масъули Лаврентий Берияга етказилди. У операциянинг бориши тўғрисида шахсан уни хабардор қилишларини буюриб, поездни излаб топиш учун 3 кун муҳлат берди. Икки кун давомида милиция ва Давлат хавфсизлик вазирлиги ходимларининг қидирув ишлари муваффақиятсиз кечди. Темирйўлдан 10-15 километр узоқликда яшаган ва ишлаган ҳар бир киши билан суҳбат ўтказилди. Бироқ ҳаммаси беҳуда эди – 526-рақамли поезд изсиз ғойиб бўлди.
Кутилмаган ечим
Муаммо тўсатдан ечим топди. Берия белгилаган муддатдан бир неча соат олдин, кутилмаганда поезд топилди. У сўнгги манзилдан унча узоқ бўлмаган жойда, захира темирйўлида турарди. Қизиғи, бу боши берк кўча бир неча маротаба текширилган ва охирги марта бир неча соат олдин кўздан кечирилган эди. Барча йўловчилар, уларга ҳамроҳ бўлган болалар ва катталар тирик ва соғ-саломат вагонларда ўтирар, бироқ уларнинг руҳий ҳолати кўп саволлар туғдирарди. Барча йўловчилар, ёшидан қатъи назар, келажакда бўлиб қайтганликлари ҳақида даъво қилишди. Улар кутилмаганда туманга кириб қолганликлари ва ҳушидан кетганликларини, сўнг ўзларига келиб, ўзлари йўлга чиққан Финланд вокзалида бўлиб қолганликлари, фақат бу станция бутунлай бошқача кўринишда эканлиги – янги бинолар қўшилиб, нурли ҳарфлардан ясалган белгилар борлиги, платформада эса ғалати кийимдаги одамлар тургани ва станция стендларидан бири 1992 йилни кўрсатгани хақида гапиришди. Йўловчилар келажакда қанча вақт бўлишганини аниқлашнинг иложи бўлмади. Ҳаммаси қандай бошланган бўлса, худди шундай – туман ва оммавий ҳушдан кетиш билан тугади.
Албатта, бу мистик ҳикояга ҳеч ким ишонмади. Деярли олти ой давом этган тергов ҳеч қандай натижа бермади. Шунга ҳам қарамай, кимдир бу хунук воқеа учун жавоб бериши керак эди. Шунинг учун 526-поезднинг барча темирйўлчилари судланди, улар узоқ муддатга қамалди. Ғалати фавқулодда ҳолат билан боғлиқ бўлган материаллар махфийлаштирилди, болалар билан суҳбатлар ўтказилди, катта ёшдаги йўловчилардан маълумотларни ошкор этмаслик тўғрисида тилхат олинди.
Пионерлар вақт саёҳати тўғрисида сукут сақлашга қасамёд қилишди. Бугунги кунда 1952 йилда содир бўлган бу воқеанинг ҳақиқийлигига жуда кам одам ишонади. Ленинград-Виборг поезди келажакка бўлган бўлмаганлигини текширишнинг эса иложи йўқ. Эҳтимол, бу Шимолий пойтахт аҳолиси тасаввуридан келиб чиққан яна бир афсонадир.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.