2 март - Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган кун
Бу бундан роппа-роса 32 йил аввал амалга оширилган эди. 1992 йил 2 мартда БМТ Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилди.
1993 йил 24 августда БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди. БМТда Ўзбекистон Республикаси ваколатхонаси иш бошлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳақида қисқача маълумот: БМТ — халқаро ташкилот. У ер юзида тинчликни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.
1945 йилда тузилган БМТни барпо этиш ҳақидаги қарор собиқ иттифоқ, АҚШ, Англия ва Хитой ташқи ишлар вазирларининг Москвадаги кенгашида 1943 йилда, Устави эса Сан-Франциско конференциясида 1945 йилда қабул қилинган.
БМТ Уставига дастлаб 51 давлат имзо чеккан. 2000 йилда эса уларнинг сони 189 тага етди.
БМТнинг доимий иш ўрни (штаб квартираси) — Нью-Йорк шаҳри. Бош котиб - Антониу Гутерриш.
БМТ қуйидаги департаментлар ва бошқармаларга бўлинади:
• Сиёсий масалалар ва Хавфсизлик Кенгаши ишлари департаменти;
• Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти;
• Васийлик ва ўз-ўзини бошқармайдиган ҳудудлар департаменти;
• Назорат бошқармаси;
• Ходимлар бошқармаси;
• Бош котибнинг маъмурий идораси;
• Ижтимоий ахборот бошқармаси;
• Конференцияларга хизмат қилиш бошқармаси;
• Умумий хизмат бошқармаси;
• БМТнинг Женева бўлими.
БМТнинг расмий тиллари — инглиз, француз, рус, испан ва хитой тиллари бўлиб, инглиз, француз, испан тилларида иш юритилади.