Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2019 йилда “Ипак йўли” халқаро туризм университети қабул квотасини оширади

“Ипак йўли” халқаро туризм университети проректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Баҳодир Тўраев Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан бугун пойтахтимиздаги “Wyndham” меҳмонхонасида ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритди. 
 
Баҳодир Тўраевнинг сўзларига кўра, айни вақтда университетда 137 та талаба туризм менежменти, туризм хизматлари ва хизматни ташкил этиш йўналишларида ўқитилмоқда. Жорий йилдан университет қабул квотасини оширишни режалаштирган. Унга кўра, 2019-2020 ўқув йили учун кундузгига 300 нафар, сиртқи таълим йўналишлари бўйича эса 100 га яқин талаба қабул қилинади. 
 
Шунингдек, бакалавриат бўйича зиёрат туризми, экотуризм, рақамли туризм, гид-экскурсовод ва таржимонлик фаолияти, туризм соҳаси менежменти, туризм соҳасида халқаро муносабатлар, туризм соҳасида халқаро ҳуқуқий муносабатлар, туризм соҳасида тадбиркорлик-ҳуқуқий муносабатлари ҳамда магистратура бўйича туризм (фаолият йўналишлари бўйича), меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш, туризм соҳаси менежменти, туризм соҳаси маркетинги каби йўналишлар очилади. 
 
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА