2020 йилдан машиналар ҳам «қизил» ва «яшил» йўлакдан ўтади

2019 йил 1 январдан импорт божхона божи ставкалари 2612 товар позицияси бўйича пасайтирилиб 1210 товарга божхона божи бекор қилинди. 266 товарга акциз солиғи ставкаси туширилди, нотўқима материаллар, синтетик матолар, шакар, ойна, консерваланган балиқ ва бошқа турдаги 157 товар учун акциз солиғи бекор қилинди. Ишлаб чиқарилганига икки йил бўлган, қиймати 40 минг АҚШ доллари ва ундан юқори бўлган енгил автомобиллардан импорт божхона божи ундирилмайди ва акциз солиғи ставкаси 20 фоиз миқдорида ундирилади.

Бу рақамлар Самарқанд шаҳар ҳокимлигида вилоят божхона, солиқ, савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармалари раҳбарлари ва тадбиркорлар иштирокида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятига бағишлаб ташкил этилган тадбирда айтиб ўтилди.

Қайд этилишича, божхона соҳасидаги ислоҳотлар натижасида 2018 йилда божхона тизимида товарларнинг бир неча маротаба божхона кўригидан ўтказилиш амалиёти бекор қилинди, “яшил” ва “қизил” йўлаклар ташкил этилган. “Божхона омбори”, “бож олинмайдиган савдо омбори” ва “эркин омбор”лар учун божхона органидан бериладиган лицензиялар чекланмаган муддатга тақдим этиладиган бўлди. Тадбиркорлар хорижий кўргазмалар учун 5 минг АҚШ долларига тенг миқдордаги товарларни божхона юк декларацияси тўлдирмасдан туриб, юк кузатув ҳужжати асосида олиб чиқишлари мумкин.

- Аввал вилоят бўйича 11 та божхона назорат пункти фаолият юритган бўлса, ўтган йили “Улуғбек” ТИФ божхона постининг “Зарафшон” ва “Жомбой” божхона пунктлари ишга туширилди, - дейди вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Эркин Салиҳов. - Ўтган йили йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Самарқанд халқаро аэропортида “қизил” ва “яшил” йўлаклар очилган бўлса, 2019 йилда “яшил” ва “кўк” йўлаклар ташкил этилади. 2020 йилда эса автомашиналар учун ҳам “қизил” ва “яшил” йўлаклар жорий этилади. Авваллари божхонадан экспорт ва импорт товарларни ўтказиш икки ойгача давом этган бўлса, ҳозирда ушбу муддат ўртача икки ярим соатни ташкил этмоқда.

Учрашувда вилоят давлат солиқ бошқармаси, ўсимликлар карантини инспекцияси, статистика органи мутахассислари товарларни экспорт қилишда қабул қилинган янги меъёрий ҳужжатлар, киритилган ўзгаришлар тўғрисида маълумот берди.

Тадбирда мутахассислар томонидан “хавфни бошқариш тизими”, божхона соҳасида эксперимент тариқасида синаб кўрилаётган “фрон офис” дастури ҳақида сўз юритилди. Тадбиркорларда божхона соҳаси бўйича саволлар туғилганда бошқарманинг 233-63-00 ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкинлиги айтилди.

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.