2021 йил Самарқанд ҳаётида: Илк бор 25 қаватли уйлар қурилди, 36 қаватли уйга тамал тоши қўйилди
Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида 551 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолини замонавий уй-жой билан таъминлаш мақсадида 2018 йилдан буён Қорасув массивида замонавий кўп қаватли уйлар қурилиши бошланган.
“Agromir Buildings” масъулияти чекланган жамияти томонидан бу ерда илк бор 12, 14, 15, 16 қаватли 110 дан ортиқ турар жой қурилди. Шунингдек, 1 минг 600 ўринли мактаб, 120 ўринли болалар боғчаси, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, савдо дўконлари, ўйин ва спорт майдончалари барпо этилган. 2021 йилда яна 10 та 16 қаватли (928 хонадонли) тураржой бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Самарқандда биринчи марта энг баланд бино – 2 та 25 қаватли тураржой бинолари қуришга киришилди. Бу уйлар 2022 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилади.
2021 йилнинг сўнгги кунларида Самарқанд шаҳрида “Нурли келажак сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан буёнд этилаётган Humo Smart City турар-жой мажмуасида 36 қаватли уй қурилишига киришилди.