2021 йилда Самарқанд вилоятида 353,3 минг тонна саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотлари етиштирилади

2020 йил 15 октябрда Президентимизнинг «Саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан Самарқанд вилоятида чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

Унга кўра, вилоятда 2021-2022 йилларда саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди. Жумладан, вилоятнинг барча хўжалик тоифаларида 2021 йилда август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзи, ош лавлаги, кўкатлар ва карам етиштириш бўйича 353,3 минг тонна, 2022 йилда эса 374,6 минг тонна маҳсулот олиш белгилаб олинди.

Пиёз, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинлари пахта ва ғалла майдонларидан қисқартирилган, фойдаланишга киритиладиган захирадаги ерлар, шунингдек, такрорий экин сифатида ғалладан бўшайдиган ва бошқа ер майдонларига жойлаштирилади. Бу борада энг кўп маҳсулот Пайариқ (50 минг тоннадан зиёд), Паст Дарғом (45,4 минг тонна) ва энг кам маҳсулот Нуробод (7,7 минг тонна), Пахтачи (9,6 минг тонна) туманида етиштирилиши тақсимланди.

Бу маҳсулотларни етиштириш “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ажратиладиган, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.