2022 йил сарҳисоби: Ўзбекистоннинг маданият соҳасидаги ютуқлари қандай?

Париж шаҳридаги жаҳонга машҳур Лувр музейида илк бор Ўзбекистон меросига бағишланган кўргазма очилгани соҳада йил янгилиги бўлди, дейиш мумкин.

Кўргазма Буюк Ипак йўли тарихи ҳақида ҳикоя қилади ва икки минг йилдан ортиқ вақтни қамраб олади. Кўргазмадан 168 та музей экспонати, хусусан, Ўзбекистоннинг 13 та музейидан 137 та, шунингдек, дунёнинг етакчи музейларидан 31 та энг қимматли экспонатлар тақдим этилди, уларнинг аксарияти биринчи марта намойиш этилмоқда.

шунингдек, 2022 йилда ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига “Ипакчилик ва тўқув учун анъанавий ипак ишлаб чиқариш” ҳамда “Хўжа Насриддин ҳақидаги латифаларни такрорлаш анъаналари” киритилди.

10 та янги музей ташкил этилди ва 930 та янги музей экспозиция яратилди. “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси жорий этилди ва музейлар фондлари мингдан ортиқ янги ноёб музей ашёлари билан бойитилди.

70 та маданий мерос объектида реставрация-тиклаш ишлари бажарилди. Хива реставрация мактаби ва Бухоро археология мактаби ташкил этилди. Бухоро шаҳридаги 7 та ёдгорлик Бутунжаҳон ислом олами дурдоналари рўйхатига киритилди.

39 та театрда 304 та спектакль намойиш этилиб, 73,4 минг нафардан зиёд аҳолига бепул хизмат кўрсатилди. Хореография ўқув театри, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳузурида Вокал академияси ҳамда опера ва балет асарларини яратиш ижодий устахонаси тузилди.

Миллий опера ва балет санъати йўналишида 12 нафар малакали ижодкорлар – Ўзбекистон халқ артистлари ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистларнинг “Маҳорат мактаблари” фаолияти йўлга қўйилди. Республикадаги 832 та маданият маркази 3 турдаги (рубоб, танбур, доира) 2,5 мингта мусиқа чолғулари, 9 мингта янги методик қўлланма билан таъминланди. Улар томонидан 4,5 мингта тадбирлар ташкил этилди ва тўгараклар сони 4 100 тага етказилди.

Ҳудудларда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида маданият карвони тадбирлари ўтказилди, 98 та маданият кунлари ташкил қилинди. Цирк ва театр жамоалари томонидан 150 та гастроль сафари уюштирилди. Халқаро миқёсдаги “Тошкент баҳори”, “Лазги”, “Бойсун баҳори”, “Халқаро зардўзлик ва заргарлик” ҳамда “Гуллар байрами” фестиваллари, XV МДҲ илмий ва ижодий зиёлилари форуми ўтказилди.