2022 йилда Самарқандда 11 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий этилди
2021 йилда республикамизда 490,1 минг гектар ерда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Шундай технологиялар қўлланиладиган майдонлар республикамиз бўйича суғориладиган ерларнинг 20 фоизини қамраб олган.
Вилоятимизда ҳам сув тақчиллигини камайтириш учун сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва сувни бошқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида кенг қамровли тадбирлар ўтказилмоқда.
Бу борада Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор ижросини таъминлаш учун 2022 йилда 11 минг 87 гектар майдонда замонавий сув тежамкор технологиялар жорий этилди. Шундан, 4 минг 66 гектар пахта, 3 673 гектар боғ, 2 909 гектар ток, 439 гектар бошқа қишлоқ хўжалиги экин майдонларида томчилатиб суғориш, 911 гектар ғалла майдонлари ва 233 гектар бошқа қишлоқ хўжалиги экин майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиялари ўрнатилди.
- 2022 йилда сув тўғрисидаги қонунчилик ижросини таъминлаш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши юзасидан “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан 2369 та назорат тадбирлари ўтказилди, - дейди инспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори Ҳусниддин Саидаҳмедов. - Ўтказилган назорат тадбирларида 1404 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, қонунбузилишлар бўйича тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан 836 та ёзма кўрсатма, 44 та тақдимнома киритилди. Шу билан бирга, сувдан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида жойларда 792 та профилактик тадбир ўтказилди. Аниқ кўрсатма ва амалий чоралар кўриб борилиши натижасида 630 ҳолатда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувнинг исроф бўлиши, 162 ҳолатда сув тежовчи технологиялар ўрнатилган майдонларда мазкур технологиядан фойдаланмасдан, қишлоқ хўжалиги экинларини анъанавий суғоришга йўл қўйилишининг олди олинишига эришилди.
“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.