Оддий суғорилганда ҳар гектар ердан 24-25 центнердан, сув тежовчи технология жорий этилгач, 35-40 центнердан ҳосил олинган
Вилоят Матбуот уйида вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Содиқ Ҳакимов иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида аграр тадбиркорлик ва агрокластерларда амалга оширилаётган ишлар ва жорий йилда кўзда тутилган режалар бўйича маълумот берилди.
Вилоятда жами қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қарийб 80 фоизи 10 та пахта-тўқимачилик, 15 та ғаллачилик, 15 та мева-сабзавотчилик, 5 та картошкачилик, 1 та доривор ўсимлик агрокластерлар томонидан етиштирилмоқда. Ўтган йили улар томонидан 244 минг тонна пахта хомашёси етиштирилиб, ҳар гектардан ўртача 32,4 центнерни ташкил этди. Жумладан, пахта-тўқимачилик кластерларида 88,4 минг тонна тола, 45 минг тонна ип-калава, 36,8 минг тонна мато, 25,8 минг тонна бўяш ишлари, 18,8 минг тонна тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ҳамда 23,1 минг тонна чигит қайта ишланган.
Жорий йил ҳосили учун фермер хўжаликлари томонидан 94,1 минг гектар майдонга кузги бошоқли дон экинлари экилиб, 669 минг тонна ҳосил олиш бўйича иш олиб борилмоқда.
- Кластер ва фермер хўжаликларига томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилганлик учун субсидия ажратиш ҳам кўзда тутилган, - дейди Содиқ Ҳакимов журналистларга. – Ўтган йили фермер хўжаликларига қарашли 9,5 минг гектар майдонда сувни тежовчи технологиялар жорий этилди. Сарфланган ҳаражатларни бир қисмини қоплаш учун 80,3 миллиард сўм маблағ молиялаштирилди. Жумладан, Каттақўрғон туманида 17,6 миллиард сўм, Булунғурда 8,4 миллиард сўм, Нарпайда 6,4 миллиард сўм субсидия маблағлари берилди. Оддий усулда ҳар бир гектардан 24-25 центнердан пахта ҳосили олинган бўлса, сув тежовчи технологияси жорий этилгач ҳосил 35-40 центнерга етказилиб, 1,5 триллион сўмга яқин даромад олинди.
2022 йилда 24 минг гектар майдон томчилатиб, 3500 гектар ғалла майдонлари ёмғирлатиб суғорилади. Бунинг учун 487,5 миллиард сўм маблағ талаб этилади. Ушбу маблағларни бир қисми қоплангач, субсидия ажратиб берилади. Уларнинг 50 фоизи 2022 йилда, қолган 50 фоизи келгуси йилда тўлаб берилади.
Дилмурод Тўхтаев.