21 киши иштирокидаги катта безориликнинг олди олинди
22 июль куни Хонобод шаҳар Кампирровот маҳалласида яшовчи 36 ёшли О.М. фарзанди - 16 ёшли А.Н. билан бир нечта тенгдошлари уришмоқчи эканлигини эшитиб қолади. Ота фарзандини Оби-ҳаёт кўчасига олиб бориб, у ерда бўлган вояга етмаганлар – 16 ёшли М.А., О.А., К.А., Х.Н., Э.Т. ҳамда Э.П.нинг йўлини тўсиб, улардан қай бири фарзанди билан бирга-бир уришмоқчи эканлигини сўрайди. Шундан сўнг далага олиб ўтиб, М.А. ва О.А. билан ўғлини бирга-бир уриштирган.
Жанжал вақтида М.А.нинг танишлари жанжалга аралашганлиги учун О.М. фарзандининг тенгдошлари бўлган М.А., О.А. ва Х.Н.ни уриб тан жароҳати етказган.
Шундан сўнг М.А. ва О.А. ота-ўғил билан урушни давом эттириш мақсадида ўзларининг 14 нафар тарафдорини чақириб, ота-болани урмоқчи бўлиб, Кампирровот маҳалласида тўпланган.
Бундан шаҳар ИИБ ходимлари хабар топиб, ҳодиса жойига етиб борган. Ушбу шахсларга қонуний чора кўриш мақсадида ИИБ биносига олиб келган.
Тергов департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, М.А. ва О.А. ҳамда уларнинг 14 нафар тарафдорларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.