23 апрель – Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни
Буюк келажак китоб ва унинг муаллифларига ҳам боғлиқ
Бугун жаҳон цивилизацияси жадаллашгани сайин инсониятнинг ахборотга, янгиликка бўлган талаби ҳам ортиб бормоқда. Бу талабни қондириш йўлида кимдир меҳнат қиляпти, яна кимдир ана шу меҳнат маҳсулидан ўзбошимчалик билан фойдаланмоқда. Гап муаллифлик ҳуқуқлари ҳақида борар экан, бизни бу борада юртимизда, қолаверса, жаҳонда олиб борилаётган ишлар, янгиликлар жараёни қизиқтиради.
1996 йил 22-23 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси бошчилигида 300 дан ортиқ вакилларимиз иштирокида ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳида “Амир Темур ва темурийларнинг инсоният цивилизацияга қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтганди. Конференция якунида ЮНЕСКО томонидан 23 апрель — Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни деб белгиланди. Ҳар йили ушбу кун дунё жамоатчилиги томонидан байрам сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
Дарҳақиқат, муаллифлик ҳуқуқи деганда, фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш, улардан фойдаланишда юзага келадиган муносабатларни қонун асосида тартибга солиш тушунилади. Қонунчиликка асосан, муаллифлик ҳуқуқининг объекти сифатида ахборот кўринишидаги асарлар, интервьюлар, мақолалар, фан, адабиёт ва санъат асарлари ҳимояга олинган.
Қиролича Анна томонидан 1709 йилда Англияда қабул қилинган биринчи қонун муаллифлик ҳуқуқини қонунчиликда расман тан олинганини кўрсатади. Қонунга кўра, биринчи марта муаллиф ўз асари нусхасини кўпайтиришда рухсат бериш ҳуқуқини олади ва натижада “Copyright” (нусха олишга рухсат) термини пайдо бўлади. 1787 йилда АҚШ Конституциясида биринчи марта интеллектуал фаолият натижаларига бағишланган нормалар белгиланган бўлса, 1790 йилда эса Конгресс карталар, чизмалар ва китоблар ҳимояси ҳақида дастлабки Федерал қонунни қабул қилди. Қонунчиликда ўрнатилган бу нормалар кейинчалик саҳна асарлари, ашула ва бошқаларга ҳам татбиқ этила бошланди.
Шундан сўнг муаллифлик ҳуқуқига оид қонунлар бошқа давлатларда ҳам қабул қилинди. Жумладан, Франциянинг 1791 ва 1793 йиллардаги Декретлари, Пруссиянинг 1794 ва 1837 йил, Даниянинг 1741 йил, Испаниянинг 1762 йил, Россиянинг 1830 йилдаги муаллифлик ҳуқуқига оид қонунлари ўзининг тарихийлиги билан ажралиб туради.
Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида муаллифлик масалаларига катта эътибор берилган. “Соҳибқирон ҳазратларининг пурқудрат беш таянчлари: Аллоҳ… Тафаккур… Қилич… Имон… Китоб” ҳисобланган. Ёзув ва китоб туфайли дунёвий ва ухровий (охират) ҳаёт ҳақидаги илму-донишнинг турли жабҳаларда ва дунёвий ижтимоий турмуш соҳасида жамғарилган бебаҳо тажрибалар аждодларимизнинг оламдан ўтиши билан ном-нишонсиз йўқолиб кетмай, балки улардан авлодлар баҳраманд бўлиши имконияти туғилди, бу билан узлуксиз маданий юксалиш учун замин яратилди. Саройларда олиму фузалолар, адиб-у шуаролар, уламо-ю, фақиҳлардан иборат илмий-адабий муҳит таркиб топди, яратувчанлик, бунёдкорлик ва ижодкорлик фаолияти турли йўллар билан рағбатлантирилди.
Муаллифлик ҳуқуқига риоя этиш Амир Темур даври ва унинг салтанатида мавжуд бўлган энг олийжаноб ишлардан бири саналган. “Ислом руҳи” китобининг муаллифи Амир Али “Темур илму ирфон ҳомийси эди, олимлар билан суҳбатда бўлишни жуда севарди, шахсан унинг ўзи бир муаллиф ва бир фақиҳ (ҳуқуқшунос) эди, деб ёзади”.
Амир Темур шоир Маҳмуд Шабистарийнинг “Гулшани роз” асари уни бутун ўзига тортгани, у китоб муаллифига ҳурмати сабабли шоирнинг ватани бўлмиш Шабистар аҳолисини ардоқлаб, уларнинг ҳар бирига беш мисқол тилладан, 18 минг беш юз милла тилла бағишлаган. Бундан кўриниб турибдики, Амир Темурдай буюк инсон муаллифларга катта эътибор қаратган, уларни моддий жиҳатдан рағбатлантирилишига раҳбарлик қилган.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси муаллифлик ҳуқуқининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди. Конституциянинг 29-моддасида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга, деб мустаҳкамлаб қўйилган бўлса, 42-моддада фуқароларга бевосита илмий-техникавий ютуқлардан фойдаланиш кафолатлари берилди. Конституциядаги бундай ҳуқуқ ва эркинлик ҳар қандай шахсга ижод билан шуғулланиш ва ўз тафаккури маҳсулотларини ҳеч бир тўсиқсиз тарқатиш имкониятини беради.
Республикамизда муаллифлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган махсус “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонуни 1996 йилда қабул қилинди. 2006 йилда эса қонун янги таҳрирда қабул қилинди. 2006 йилда Фуқаролик кодексининг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга оид бўлган 59-60-боблари ҳам янги таҳрирда қабул қилинди.
Қонунчиликка кўра, асарлар муаллиф ҳаётлиги даврида ва вафотидан кейин ҳам 50 йилгача ҳимоя қилинади. Яъни, муаллиф вафотидан сўнг унинг меросхўрларидан ёзма рухсат (шартнома тузиш) олиш талаб этилади ва асардан фойдаланилганда, ушбу муддатда муаллифлик ҳақи тўланади.
Муаллифлик ҳуқуқи нафақат бир мамлакат ҳудудида, балки у бутун дунёда бир хилда ҳимоя қилинади. Шунинг учун ҳам халқаро конвенциялар қабул қилинган. 1886 йилда буюк мутафаккир ва ёзувчи Виктор Гюго ташаббуси ҳамда раҳбарлигида бир гуруҳ Европа олимлари ва ижодкорлари томонидан “Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Берн конвенциясига асос солинган. Мазкур конвенция фан, адабиёт ва санъат асарлари ҳамда уларнинг муаллифлари ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган универсал халқаро шартномалардан биридир.
Бугун дунёнинг 190 дан ортиқ давлати ушбу конвенциянинг аъзоси ҳисобланади. 2005 йил 19 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда ҳам “Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Берн конвенцияси нормалари қўллана бошланди. Республикамиз муаллифлари ва уларнинг меросхўрлари ҳуқуқлари бутун дунёда бир хилда муҳофаза қилинмоқда.
Интеллектуал мулкнинг таркибий қисми сифатида муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган барча асарлар соҳалар бўйича 10 дан ортиқ халқаро конвенция ва универсал шартномалар билан муҳофазага олинган. Бу халқаро ҳужжатларни Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ) маъмурий бошқаруви амалга оширади. ЖИМТ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимида бўлиб, у 1970 йилдан фаолият юритмоқда. Ташкилотга 1974 йилда ҳукуматлараро халқаро ташкилот мақоми берилган. Ўзбекистон 1991 йилдан мазкур ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.
Бугун республикамизда муаллифлик ҳуқуқига оид мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган ва соҳага оид давлат сиёсати олиб борилмоқда, муаллифлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 1 июлдаги қарорлари ҳамда ҳукуматимиз қарорларида интеллектуал мулк соҳаси, хусусан, муаллифлик ҳуқуқига оид устувор йўналишлар белгилаб берилди.
Бундан ташқари, Президентимизнинг 2017 йил 14 августдаги “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан “Фан, адабиёт ва санъат асарлари нашр этилганлиги учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари” белгиланган.
Муаммолар ҳам бор…
Мамлакатимизда муаллифлик ҳуқуқи соҳасида қатор ижобий ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, муаллифлик ҳуқуқига риоя этиш масалалари долзарб муаммолигича қолмоқда. Ахборот технологиялари ва коммуникациялар, айниқса, халқаро интернет глобал тизимининг хизматидан бугун ҳар ким, ҳар қандай ташкилот бемалол фойдаланиши, улардаги манба (ахборот)лардан керакли маълумотларни олиши ва тарқатиши мумкин. Ана шундай шароитда муаллифлик ҳуқуқига риоя этилмаслик ҳолатларининг кўзга ташланиб туриши маъқул иш эмас. Бунинг учун биринчи навбатда, муаллифлар ўз ҳуқуқларини яхши билишлари ва ҳуқуқларини талаб қила олишлари лозим.
Китоб асар сифатида муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояга олинган энг оммабоп тафаккур оламининг шаклидир. Немис ихтирочиси И.Гуттенбергнинг босмахонани яратиши асарларнинг китоб шаклида жамлаш ва саноат усулида кўпайтириш имконини берди. Муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя қилиш зарурати ҳар доимгидан кўра кўпроқ эҳтиёж келтириб чиқарди.
“Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда”, деган машҳур нақлнинг аҳамияти ҳозир ҳар қачонгидан ҳам ошди. Китоб ўқилмаган жамиятда маънавий қадриятлар азият чекади, халқнинг интеллектуал салоҳияти юксалмайди. Интернет бор-ку, ундан исталган нарсани топса бўлади, китоб мутолааси шартми, дейишади. Ўтказилган тадқиқотлар натижалари интернетдан фойдаланаётган ёшларимизнинг кўпчилиги фақат ахборот олиш учунгина ижтимоий тармоқлар ва бошқа кўнгилочар сайтларга кираётгани аниқланди.
Китобнинг инсоният ривожида ўрни беқиёс. Бекорга 23 апрель муаллифлик ҳуқуқи билан бирга китобни ҳам байрам қилиш куни сифатида эътироф этилмаган. Китоб орқали билимлар тарқатилар экан, асарларни китобга жамловчи ва уни қулай восита сифатида кенг жамоатчиликка тақдим этувчи нашриётлар ва уларда меҳнат қилаётган барча тоифадаги ноширларга ҳам ҳурмат кўрсатишимиз лозим.
“Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонун ноширлик фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини белгилаган. Бугун республикамизда 120 дан ортиқ нашриёт фаолият олиб бормоқда. Турли таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларга ноширлик фаолиятини олиб боришга рухсат берилган. Давлатимиз Президенти ва ҳукуматимизнинг китобхонликни тарғиб қилиш, китоб саноатини ривожлантириш, ноширликни қўллаб-қувватлаш, ушбу соҳада муаллифлик ҳуқуқини таъминлашга қаратилган қатор ҳужжатлар ҳам қабул қилинган.
Бир сўз билан айтганда, жамият келажаги ва келгуси тараққиёт муаллифлар ва китобга бевосита боғлиқ.
Бобоқул ТОШЕВ,
Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири,
юридик фанлар доктори.