25-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида «Шарқ тароналари» ХIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади
ЮНEСКО шафелигида ўтказиладиган «Шарқ тароналари» Марказий Осиёдаги энг катта фестиваллардан бири саналади.
Фестиваль ўтказилишидан асосий мақсад миллий мусиқа санъатида эришилган ютуқларни кенг оммага татбиқ қилиш, миллатларнинг маданият ва анъаналарини асраш ва ривожлантириш, созандалик ва хонандалик йўналишидаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, халқаро ижодий алоқаларни кенгайтириш, тинчлик, дўстлик ва ўзаро бағрикенглик ғояларини тарғиб қилишдан иборат.
1997 йилда ташкил этилиб, илк маротаба ўтказилган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида 31 та давлатдан мусиқий гуруҳлар ва ижрочилар ташриф буюрган бўлса, 2019 йилда ўтказилган ХII «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида иштирокчи давлатлар сони 75 тага етган.
2024 йилнинг 25-30 август кунлари ўтказилиши режалаштирилган «Шарқ тароналари» ХIII халқаро мусиқа фестивалида иштирок этиш учун 100 дан зиёд мамлакатга мазкур фестивалда иштирок этиш учун таклифномалар юборилди.
Ҳозирда фестивалда қатнашиш юзасидан хорижий мамлакатлардан, хусусан, Япония, Индонезия, Польша, Беларус, Озарбайжон, Грузия, Италия ва бошқа бир қатор Шарқий Осиё давлатларидан аризалар келиши бошланди.
Бугунга келиб «Шарқ тароналари» нафақат Ўрта Осиёда, балки жаҳон миқёсидаги машҳур фестиваллар қаторидан жой олиб улгурди. Бунинг ёрқин мисолини йилдан-йилга қатнашчилар ва фестивалда қатнашиш истагини билдираётган давлатлар сонининг ошишида, дастур савиясининг юқорилаб бораётганида ҳам кўриш мумкин.