25 ёшли жувон қариндошларининг уйидан 40 минг АҚШ доллари ва тилла тақинчоқларни ўғирлаш учун босқинчи ёллади
Самарқандда вилоят давлат хавфсизлиги хизмати ва ички ишлар бошқармалари ходимлари содир этилиши мумкин бўлган ўта оғир жиноятнинг олдини олди, деб хабар берди Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.
Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Самарқанд шаҳар Сартепа масканида яшовчи 25 ёшли Б. исмли аёл босқинчилик, яъни ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида бувиси ва тоғасининг уйида 40 минг АҚШ доллари ва 6-7 турдаги, тахминий баҳоси 10 минг АҚШ долларига тенг тилла тақинчоқлар борлигини айтиб, ўзининг таниши А. га бу уйга босқинчилик қилишга буюртма қилган.
Агарда бувиси ва тоғасининг яшаш уйидан пул ва қимматбаҳо бойликларни олиб чиқса, ишни тугатганидан сўнг унга жиноий йўл билан қўлга киритилган пуллардан 10 минг АҚШ доллари беришни ваъда қилган.
“Ёлланма босқинчи”га уйни ички тузилишини чизиб бериб, ўзи билан бирга бувисининг манзилига олиб борган ва узоқдан уйнинг кириш дарвозасини кўрсатиб, келгусида содир этиш керак бўлган ўта оғир турдаги жиноий режани тузган.
Ҳолат тўғрисида олинган тезкор маълумотга кўра, Б. исмли аёл бувиси билан ўзининг оиласи ўртасида келишмовчилик борлиги сабабли пуллар ва қимматбаҳо буюмларни қўлга киритиш орқали ундан қасд олишни кўзлаган ва шу мақсадда ушбу босқинчиликни ташкил этган. 2020 йил 3 октябрь куни ДХХ вилоят бошқармаси ва Самарқанд шаҳар ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, Б. исмли ёлланма босқинчи билан такрорий учрашган вақтида қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.