26 апрель – Халқаро интеллектуал мулк куни

Халқаро интеллектуал мулк кунини нишонлаш 2000 йилда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотига (БИМТ) аъзо-давлатлар томонидан кенг оммани интеллектуал мулк муаммоси билан таништириш мақсадида таклиф қилинган.
Бу сана бежизга танланмаган. Айнан шу куни, 1970 йилда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти тўғрисидаги Конвенция кучга кирган. Шундан буён ҳар йили 26 апрелда БИМТ бошчилигида инновациялар ва ижодиётни рағбатлантиришда интеллектуал мулкнинг роли тўғрисидаги масала бўйича кенг мунозаралар ўтказилади.
Фильмлар, ТВ, мусиқа, китоблар, санъат, видео ўйинлар – қисқаси, маданият асарлари учун анчадан буён чегаралар мавжуд эмас. Ҳозирда ахборот технологиялари асрида маданият асарларининг тарқалиши ва истеъмол қилинишида ҳудудлар чекланмаган. Қулай рақамли технологиялар барча тўсиқларни олиб ташлаб, ҳар бир муаллиф учун глобал ҳамкорлик имкониятларини очиб берди. Шу билан бирга, рақамли муҳитда ижоднинг гуллаши билан рақамли контент истеъмолчилари учун мулчилик асри бошланди. Биз хохлаган вақтда, жойда ва усулда дунё муаллифларининг асарларини ўқиймиз, кўрамиз ва эшитамиз.
Маданиятни қайта англаш – биз уни қандай яратаётганимиз, унинг асарларидан фойдаланаётганимиз ва қандай молиялаштираётганимиз маълум вазифаларни ҳал қилишимизни талаб этади. Интеллектуал мулк тизимининг вазифаси – рақамли муҳитда ижодкорларнинг ўз меҳнати учун муносиб мукофот олишлари ва бунинг натижасида ижодий фаолиятини давом эттиришларини таъминлашдан иборат.
Аъзамжон ТОЖИБОЕВ,
Булунғур туманидаги 18-умумтаълим мактабининг информатика фани ўқитувчиси.