47-қаватдан йиқилиб, омон қолган ойна тозаловчи
Статистикага кўра, учинчи қаватдан йиқилган одамларнинг фақат ярми омон қолади. 10-қаватдан пастга қулашдан кейин деярли киши тирик қолмайди. Қизиғи, Америкада Нью-Йоркдаги 47 қаватли осмонўпар бинонинг томидан қулаган дераза тозаловчи Алсидес Морено яшайди.
2007 йилнинг 7 декабрида Морено ва унинг укаси Эдгар 47 қаватли «Солоу Тауэр» минорасининг деразаларини тозалашлари керак эди. Одатда улар бинонинг юқори қаватига чиқиб олиб, ойналарни тепадан пастга қараб юварди.
Алcидес Морено йиқилганини эсламайди
Ҳалокат дарҳол содир бўлди. АҚШ Меҳнат Департаменти ҳисоботига кўра, улар эни беш метрлик қурилиш осма беланчагига кўтарилишганда, уни ушлаб турган кабеллар томга ўрнатиш жойидан сирғалиб кетган.
- Биринчи бўлиб чап тарафдаги кабель чиқиб кетди. Укам ўша ерда турарди. Аммо ҳеч нарса қилолмади, бирор чора кўришнинг иложи ҳам йўқ эди, - дейди Алcидес Морено.
Аниқланишича, Эдгар соатига тахминан 190 километр тезликда 144 метр пастга қулаб, тор кўчага тушиб кетган. Кўп ўтмай, Алcидеснинг ёнидаги кабель ҳам узилиб, уни ҳам пастга учириб юборган.
Тез орада воқеа жойига ўт ўчирувчилар ва тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келган. Уларнинг олдида даҳшатли манзара пайдо бўлди ва энди Эдгарга ёрдам беришнинг иложи йўқ эди...
Алсидес эса беланчакнинг майдаланган металл қисмлари орасидан топилди. У қўлида беланчак бошқарув панелини маҳкам ушлаб турганча, эгилган ҳолатда ётарди. Шу билан бирга, у нафасолар ва гувоҳларнинг айтишича, ҳатто оёққатурмоқчи бўлди, лекин бунинг уддасидан чиқолмади.
Ҳар қандай тўсатдан қилинган ҳаракат унинг ўлимига олиб келиши мумкинлигини билган қутқарувчилар уни “мўрт тухум каби” жуда эҳтиёткорлик билан “Тез ёрдам” машинасида олиб кетишди.
Морено зудлик билан яқин атрофдаги шифохонага етказилди ва у ерда кўплаб операцияларни бошдан ўтказиб, омон қолди.
Нью-Йорк-Пресвитериан шифохонаси раҳбари доктор Герберт Пардес ўша пайтда ўтказилган матбуот анжуманида “Агар сиз тиббий мўъжиза ҳақида эшитмоқчи бўлсангиз, Алсидеса Моренонинг ҳодисаси бунга мисол бўла олади”, деди.
- Ҳатто тўртинчи қаватдан йиқилганлар орасида омон қолиш даражаси жуда паст, - деди Нью-Йорк шаҳар ўт ўчириш бошқармаси ходими Гленн Асаеда. - Бу ерда мўъжиза содир бўлган, холос.
- Менинг танам чандиқлар билан қопланган, бел жароҳати туфайли энди югура олмайман, фақат юраман, - дейди Алсидес. - Аввалгидек бўлмасам-да, юра олганим учун Худога шукурлар қиламан. Бу жуда ажойиб.
Унинг сўзларига кўра, у яна осмонўпар биноларнинг деразаларини ювишга қайтгиси келади, чунки ҳамма нарсага қарамай, у баландликдан қўрқмайди. Бироқ соғлиғи туфайли Морено ўз ишига қайта олмайди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.