50 миллион АҚШ долларилик кредит эвазига амалга оширилаётган “Uzbekistan Digital Inclusion” лойиҳаси қандай мақсадларни кўзлаган?

Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Д.Хўжамбердиев вилоят Кенгашининг етмиш саккизинчи сессиясида ахборот берди.

- Жаҳон банкининг кредит маблағларини жалб қилган ҳолда “Uzbekistan Digital Inclusion” лойиҳасини амалга ошириш учун 50 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит жалб этиш мақсад қилинган, - деди Д.Хўжамбердиев. - Мазкур маблағ Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва ҳудудларда BPO (бизнес жараёнини бошқариш аутсорсинги) ва KPO (билимларни бошқариш аутсорсинги)ларни ривожлантириш, мазкур йўналишда ёшлар, аёллар, имконияти чекланган шахслар учун юқори даромадли иш ўринларини яратиш ҳамда хизматлар экспортини ошириш учун йўналтирилади.

Лойиҳа доирасида вилоятларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги корхоналар бинолари реконструкция қилинади ва янги бинолар қурилади, уларда BPO ва KPO марказларини ташкил этиш учун керакли шарт-шароитлар яратилади ҳамда халқаро BPO ва KPO компаниялари жалб этилади.

Масалан, 2022 йилнинг ўтган даврида Самарқанд шаҳрида фаолият олиб бораётган “КМС Транс СО” қўшма корхонасига тегишли бўлган бинода ушбу корхона томонидан “BPO-scooll” маркази ташкил этилди. Ушбу марказда вилоятдаги ишсиз ёшларни жалб қилган ҳолда АҚШдаги юк автомобилларининг ҳаракатини назорат қилиш бўйича ўқитилади. Тингловчилар учун барча шароитлар яратиб берилган бўлиб, уларни ўқишга қабул қилишда инглиз тилида эркин сўзлаша олишлари ва компьютерда ишлаш кўникмаларига эга бўлиш талаблари қўйилди.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида “Prime Самарканд” оилавий корхонаси фаолият олиб бораётган бинода ахборот коммуникация-технологияларини қўллаш орқали масофавий хизматларни кўрсатиш ва экспорт (ИТ-аутсорсинг) қилиш маркази ташкил этилди ва жорий йилнинг 27 октябрь куни вилоят ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон  Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Шерматов ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида расмий очилиши бўлди.

Бугунги кунда ушбу марказда 40 нафарга яқин фуқаро ўз иш фаолиятларини олиб бормоқда.

Лойиҳа қуйидаги йўналишларда фаолиятни амалга оширишни назарда тутади:

- ёшлар, аёллар ва имконияти чекланган шахслар ўртасида рақамли кўникмаларни ривожлантириш ва BPO соҳасида меъёрий-ҳуқуқий тартибни такомиллаштириш;

- BPO компаниялари учун ҳудудлар кесимида ташқи иқтисодий фаолият даражасини ошириш ва иш ўринларини яратиш учун рағбатлантириш механизмаларини ишлаб чиқиш;

- ҳудудларда BPO марказларини реконструкция қилиш ва қуриш.

Лойиҳани амалга ошириш жараёнида қуйидаги натижаларга эришиш режалаштирилган:

- Дастурий ахборот технологияларини чуқур ўрганишга қаратилган чет тиллари, компьютер саводхонлиги ва мулоқот қобилиятлари ўрганилади;

- аутсорсинг хизматлари бозорларига хусусий инвестициялар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш учун институционал, ҳуқуқий ва меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилади. Шунингдек, рақамли иқтисодиёт учун ҳуқуқий ва меъёрий-ҳуқуқий базани ривожлантириш учун янада кенгроқ қўллаб-қуватлаш, бунда инклюзивликка алоҳида эътибор қаратиш ва маълумотларни бошқариш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, компанияни рўйхатдан ўтказиш, маълумотларни ҳимоя қилиш, киберхавфсизлик учун замонавий воситалар ва кафолатлар беришга эътибор қаратилади;

- касбий тайёргарлик, жиҳозлар ва эксплуатация ҳаражатларини ташкил этиш мақсадида, ВРО компаниялари учун молиявий рағбатлантириш дастури ишлаб чиқилади. Бу эса, жаҳон ВРО компанияларида Ўзбекистонга қизиқиш ортиб, республикамизда келгусидаги фаолиятларини олиб боришга ундайди. Натижада 10 мингдан 25 минг кишигача иш билан таъминланиш кутилмоқда.