Алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб юрган отанинг қарзи 52 миллион сўмдан ошиб кетган

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг суд ҳужжатига асосан қарздор Б.Я. томонидан ундирувчи Н.Н.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг вояга етгунига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.

Қарздор Б.Я. алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги сабабли Каттақўрғон туманлараро маъмурий судининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47(4)-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Фуқаро Б.Я. маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиқиб, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан қасддан бўйин товлаб келган.

Бугунги кунга келиб унинг қарздорлиги 52 миллион 330 минг сўмни ташкил этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюросининг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан фуқаро Б.Я.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси.