55 ёшга кирмай 6 марта судланган шахсга суд ҳукми ўқилди

Умр инсон учун атиги бир маротаба бериладиган неъмат. Уни қандай ўтказиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида. Ҳаётидан рози ёки кўнгли тўлмай, пушаймонлик азобида қовурилиб ўтиш ҳам одамнинг ўзига боғлиқ.

Тошкент шаҳрида туғилиб, тақдир тақозоси билан Наманганга келиб қолган Икром Ихтиёров жорий йилнинг январь ойида ўзининг 53 ёшини нишонлаганди. Одатда, бу ёшдаги кишилар “ҳамма нарса ёшликка хос, энди катта бўлиб қолдик”, дея ибратомуз ҳикоялар келтирадиган, ҳаётий тажрибалари, кўрган-кечирганлари, яхши-ёмоннинг боражак манзили, умр қадри борасида сўзлайдиган бўлиб қолишади.

Икром Ихтиёров эса афсуски, энг кучга тўлиб, ишлайдиган давридан бошлаган “фаолияти”ни канда қилмади. Ёмонлик қобиғига ўралиб қолган бу шахс эгри йўлдан қайтмади. Бир неча бор қамалишига қарамай ўзига етарли сабоқни олмади. Пенсия ёшига етмаган мазкур шахс қарангки, олтинчи бор судланиб темир панжаралар ортига равона бўлди.

Наманган шаҳридаги “Яшил деҳқон бозори”да ҳафтанинг ҳар шанба куни катта савдо тадбири бўлади. Ғоят тиқилинч бу бозорда эски қилиғи хуруж қилиб турган И.Ихтиёров ҳам бор эди. У бозор томон ошиқаётган икки аёлнинг ортидан тушди. Улардан бири сўзлашиб бўлгач, телефонини чўнтагига соларкан, тиқилинчдан фойдаланиб, устомонлик билан уни суғуришга муваффақ бўлди...

Аммо назоратда бўлган шахснинг бу хатти-ҳаракати ИИБ ходимлари эътиборидан четда қолмади. Зудлик билан кўрилган чоралар Икромни вазиятдан чиқиб кетишига ҳам йўл қолдирмади.

Афсуски, И.Ихтиёров нопок йўлдан қайтмаган экан. У олтинчи маротаба суднинг қора курсисига ўтирди ва унинг бу галги қилмиши учун суд томонидан судланувчига 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

«Букрини гўр тўғрилайди», дейди халқимиз. Одатда ушбу мақол қилган хатосидан тўғри хулоса чиқармайдиган, жиноят устига жиноят содир қиладиган кишиларга нисбатан қўлланилади.

Бу ёшда кишилар фарзандлар, набиралар тўйини қилиб, элга ош беради. Муборак Ҳаж зиёратини қилиб, ёшларга ҳалол ва ҳаром ҳақида панд-насиҳат ўқийди. Ҳалол топганидан етим-есир, ночору бечора, касал-ногиронларни оталиққа олиб, инсоний фазилатлари билан ибрат бўлади. Зеро, бундайларнинг давлати камаймайди, муҳтожлик нима билмайди.

Афсус, айрим юртдошларимиз борки, ночорликдан чиқа олмайди. На элга қўшилади, на юртга фойда келтиради. Оила саодати, оталик ёки оналик бахти унга бегона.

Акрамжон АРИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг катта консультанти.