59 та банк хизматлари маркази очилди: Қандай ўзгариш бўлди?
Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармонида банк секторини тубдан трансформация қилиш бўйича тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилган. Бунда молиявий хизматларнинг оммабоплигини ошириш, банкларнинг ҳудудларга кириб боришини кенгайтириш ва барча аҳоли пунктларида бир хил турдаги хизматлар кўрсатилишини таъминлаш ва хизматлар сифатини ошириш вазифалари белгиланган.
Мазкур фармон асосида Самарқанд вилоятидаги тижорат банклари томонидан туманларда замонавий, ихчам ва кам харажатли банк хизматлари марказлари ташкил этилмоқда. Ҳозирда вилоят туманларида “Агробанк”нинг 28 та, “Трастбанк” 8 та, “Халқ банки”нинг 7 та, “Туронбанк”нинг 4 та, “Асака банк”нинг 3 та, “Миллийбанк”нинг, “Микрокредитбанк” ва “Қишлоқ қурилиш банк”нинг 2 тадан, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Алоқабанк” ва “Ипотека банк”нинг вилоят филиаллари томонидан 1 тадан банк хизматлари марказлари ишга туширилди.
Ушбу марказларда коммунал тўловларни қабул қилиш, касса, халқаро пул ўтказмалари, банк пластик карталарини очиш, аҳолига ҳар хил турдаги кредитлар ажратиш, 24/7 режимида ишловчи банкоматлар орқали маблағни нақдлаштириш ва бошқа банк хизматларини кўрсатувчи 59 та замонавий банк офислари аҳолига сифатли банк хизматларини кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг 20 июлигача мазкур марказлар томонидан 590 нафар фуқародан 8,7 миллиард сўмга яқин омонат жалб қилинди ва 5 471 нафар мижозга 33,7 миллиард сўм истеъмол кредити, 2 766 нафар мижозга 24,3 миллиард сўм микроқарз, 189 нафар мижозга 1,6 миллиард сўм овердрафт, 280 нафар мижозга 18,9 миллиард сўм автокредит ва 1 671 нафар мижозга 21,1 миллиард сўм бошқа турдаги кредитлар, жами 10 377 нафар мижозга 99,6 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилди.
Фаррух ШАКАРОВ,
Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси нақд пул муомаласини ташкил этиш бошқармаси бош иқтисодчиси.