78-ўқчи дивизия сафидаги жасорат ҳақида эшитганмисиз?
Ватандошларимизнинг фронт ва фронт ортида кўрсатган жасорати, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси беқиёс.
Бу машаққатли йилларда юртимиздан минглаб инсонлар Ватан ҳимояси учун жанг майдонларига отланди. Уларнинг қанчадан-қанчаси жангларда ҳалок бўлиб, муқаддас тупроқ бағрида мангу қўним топган бўлса, яна кўплаб юртдошларимиз қаҳрамон сифатида эл-юрт бағрига қайтдилар. Шу боис, уларнинг сўнмас хотирасини ёд этиш, руҳлари покига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам қарз, ҳам муқаддас бурчдир.
Бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз ана шу жасур аждодларимиз матонати ва фидойилиги эвазига таъминланган. Ғалабанинг 81 йиллиги нишонланаётган шу кунларда Ватан учун жон фидо қилган боболаримиз жасоратини эслаш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлини ёш авлодга етказиш айниқса муҳим аҳамият касб этади.

Архив ҳужжатлари эса бу қаҳрамонлик тарихининг тирик гувоҳидир. Архивимизда Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган, шунингдек, урушдаги хизматлари учун орден ва медаллар билан тақдирланган самарқандлик ватандошларимизнинг фотоҳужжатлари ва шахсий материаллари асраб келинмоқда. Бу ноёб манбалар орқали биз ўтмиш қаҳрамонларининг ҳаёти, жасорати ва Ватан олдидаги фидокорона хизматлари ҳақида янада чуқурроқ тасаввурга эга бўламиз.
Жумладан, архив материалларида Самарқанд шаҳрида ташкил этилган 78-ўқчилар дивизияси ҳақида муҳим маълумотлар учрайди. Мазкур дивизия сафида хизмат қилган катта сержант, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Қучқор Қаршиев номи алоҳида ифтихор билан тилга олинади. Унинг жанговар ҳаракатларда кўрсатган жасорати нафақат сафдошларига, балки кейинги авлодларга ҳам ибрат бўлиб қолган.
Шунингдек, самарқандлик ҳарбий шифокор Агалар Григорьяннинг ҳаёт йўли ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. У 1941 йил Самарқанд медицина институтининг жарроҳлик факультетини тамомлаб, эл соғлиги йўлида хизмат қилишни орзу қилган эди. Аммо уруш бошлангани ҳақидаги даҳшатли хабар бутун мамлакат қатори унинг тақдирини ҳам ўзгартирди. Орадан икки йил ўтиб, у шаҳар комиссариятига ариза билан мурожаат қилиб, фронтга жўнади.
Агалар Григорьян 78-ўқчилар дивизияси санитария қисмининг бошлиғи этиб тайинланди. У нафақат раҳбар, балки маҳоратли жарроҳ сифатида ҳам минглаб ярадор аскар ва офицерларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Жанг майдонларида у кечаю кундуз демай, оғир шароитларда операциялар ўтказиб, кўплаб инсонларга қайта ҳаёт бахш этган. Унинг жасорати ва фидокорона меҳнати давлат томонидан юксак баҳоланиб, II даражали “Ватан уруши” ордени, икки марта “Қизил Юлдуз” ордени ҳамда бир қатор медаллар билан тақдирланган.
Маълумотларга кўра, 78-ўқчилар дивизияси 1942 йил 19 февралдаги НКОнинг № орг/2578-сонли буйруғи асосида Самарқанд шаҳрида ташкил этилган бўлиб, дастлаб 403-дивизия номи билан юритилган. Кейинчалик эса ўзининг интизоми, матонати ва жанговар муваффақиятлари билан алоҳида шуҳрат қозонган ҳарбий тузилмалардан бирига айланган.
Масалан, фронт ортида ҳам юртдошларимиз катта меҳнат жасоратини намоён этганлар. Аёллар, қариялар ва ёшлар завод-фабрикаларда меҳнат қилиб, фронт учун қурол-яроғ, озиқ-овқат ва кийим-кечак тайёрлашда жонбозлик кўрсатган. Самарқандга эвакуация қилинган минглаб инсонларга бошпана ва меҳр берилгани ҳам халқимизнинг бағрикенглиги ва инсонпарварлигини намоён этади.
Хулоса қилиб айтганда, аждодларимизнинг қаҳрамонлик йўли ва улар қолдирган бой маънавий мерос бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам асосидир. Уларнинг хотирасини абадийлаштириш, жасоратини қадрлаш ва бу тарихни келажак авлодларга етказиш ҳар биримизнинг муқаддас вазифамиздир.
Фазлиддин Улуғов,
вилоят давлат архиви етакчи архивчи.