9 ойда истеъмолчилар фойдасига 5,6 миллиард сўм ундирилган

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Салоҳиддиновнинг матбуот анжуманида маълум қилишича, бошқармага йилнинг 9 ойида 1500 та мурожаат келиб тушган.

Уларнинг 550 дан ортиғи коммунал соҳа, 195 та алоқа ва транспорт, 512 та бозорлар ва дўконлардаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари, 27 та дорихоналардаги дори нархлари, 48 та рақобат масаласида, 165 та бошқа масалаларда мурожаатлар бўлган. Юқоридаги мурожаатларни ўрганиш натижасида истеъмолчилардан жами 5,6 миллиард сўм миқдорида ортиқча маблағ олингани аниқланиб, истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Мурожаатлар юқоридаги рақамдан анча катта бўлиши аниқ эди. Чунки ҳар қадамда истеъмолчининг ҳақ-ҳуқуқи бузилгани кўрамиз, эшитамиз. Фақат улар қаерга ва қандай мурожаат қилишни ёки боғланишни аниқ билмаган бўлиши мумкин. Шу боис бошқарманинг 1159 қисқа рақамига ёки (66) 233-31-33 ишонч телефонига қўнғироқ қилиш ва бузилган ҳуқуқини тиклашда ёрдам сўраб мурожаат қилиш мумкин.