Абдулла Орипов ҳақида бадиий фильм суратга олинади
Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК томонидан “Абдулла Орипов” тўлиқ метражли бадиий фильми суратга олинади.
Шоир ва жамоат арбоби ҳақида тўлиқ метражли бадиий фильм яратиш ғояси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бўлиб, ҳозирда кинокартинага тайёргарлик жараёнлари бошланган. Фильм сценарий муаллифи Фурқат Усмонов, постановкачи режиссёр Музаффар Эркинов.
Ижодий жамоа дастлаб Қашқадарё вилояти Косон тумани, Некўз қишлоғига ташриф буюриб, шоирнинг таҳсил олган мактаби, туғилиб ўсган қишлоғи билан танишди.
Маълумот учун, аввалроқ Агентлик ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти буюртмаси билан “SPECTRE” студияси томонидан “Абдулла Орипов” ҳужжатли фильми суратга олинган эди.