Абдулла Орипов: "Не эллар Темурга бўлай деб ёндош, Қўлига обдаста олиб югурган"

“Митти юлдуз”дан таралган ёғду ХХ аср охири ва ХХI бошларида бутун куч-қудратини намойиш этди. Шу боис ўзбек адабиётшунослари Абдулла Орипов ижодига алоҳида эътибор қаратишди.

Адабиётшунос олим Матёқуб Қўшжонов таъкидлаганидек, ҳаётнинг ўткир қирралари ҳақида ўйлаш Абдулла Ориповни фалсафий шоир даражасига кўтарди. Зотан, адабиётнинг, жумладан, шеъриятнинг қудрати ҳам шунда. Бедил, Навоий сингари улуғ сиймоларнинг шеъриятлари ҳам уларда акс эттирилган фалсафий тафаккурга боғлиқ!

Абдулла Орипов ҳақиқий истеъдод эгаси эди. У ҳар бир шеъри учун тинимсиз изланади. Шеърларига маъно бериш учун халқ ичидан образ ахтаради. Бу образни гоҳо донишманд қиёфасига киритиб, авлодларга ўз насиҳатларини сўзлатади:

Болам, осмонларда қуюн чарх урар,
Замин тубларида изғир зилзила,
Ўртада отанг ва онанг кун кўрар,
Қалбларида эса ҳадик, ғулғула.
Унутма сен асло уларнинг ғамин,
Беэга қолмасин токи икковлон,
Курашгил, ҳамиша тинч бўлсин замин,
Курашгил, доимо соф бўлсин осмон.

Шоирнинг лирик қаҳрамони ўз ҳаёти ва ижтимоий ҳаёт сабоқларидан тўғри хулоса чиқара олган образ сифатида гавдаланади. Шоир шеърни “Унутма” деб номлайди. У асл моҳиятни, яъни ўзликни унутмасликни уқтиради. Ўзлик тушунчаси ота ва она қиёфаси ҳамда халқ қиёфасига киради. Шу боис “Курашгил, ҳамиша тинч бўлсин замин” дея огоҳликка даъват этади.

Профессор Қозоқбой Йўлдошев “Инсонга улкан муҳаббат туйган шоир уни комил кўрмоқ истайди. Одамга эса адоқсиз нуқсону иллатлар хослиги шоир руҳиятини қиймалайди. Образларнинг теран халқчил томирларга эгалиги Абдулла Ориф шеъриятини миллат руҳининг сувратларига айлантирди” дейди.

Абдулла Орипов ўз шеърларида Ватанни жўшиб куйлади. Унинг манзаралари ва тарихидан илҳом олди:

Халқимнинг тарихи жуда ҳам қадим,
Ҳамиша оққан у дарёдай тўлиб.
Ҳали турфа динлар бермасдан таълим,
Дунёга танилган Хоразм бўлиб.

Кўҳна Самарқанду Бухорою Шош
Мудом кимлигимиз англатиб турган.
Не эллар Темурга бўлай деб ёндош,
Қўлига обдаста олиб югурган.

Кўҳна шажарани чуватсанг агар,
Учи бориб етгай Одам Атога.
Ўзбек унвонингдан тонма, биродар,
Таяниб кимлардир қилган хатога.

Хуллас, Абдулла Орипов шеъриятида асл ўзбек ўғлони портрети ва унинг характери яшайди. У донишманд қиёфасига кириб ўзликдан сабоқ беради.
Абдулла Орипов чин маънода ўзбекнинг асл сурати эди. Бу суратни Ғафур Ғулом сингари адиблардан олган ва суратни янги қиёфада гавдалантира олган адиб бўлиб танилди. Унинг шеъриятида халқоналик билан бир қаторда фалсафий теранлик ўз аксини топган.

М.Давронова,
Самарқанд давлат университети доценти.