14 кундан буён Абдуллоҳ Тоҳировнинг қаерда эканлиги ҳақида хабар бермаган ходимлар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши керак
Электрон оммавий ахборот воситаларида “Абдуллоҳ қаерда?” мавзусида мақола чоп этилиб, жорий йилнинг 26 октябрь куни Андижон вилояти ИИБга чақирилган 20 ёшли Абдуллоҳ Тоҳиров ҳалигача уйига қайтиб келмагани, оила аъзолари уни қаерда эканлигини билмаслиги ҳақида ташвишли хабар тарқалди.
Абдуллоҳнинг отаси 26 октябрь куни ўғли “Ласетти” автомашинасини бошқариб кетаётиб, эрталаб соат 7:00 ларда Андижон вилояти ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Эргашев бошқарувидаги “Нексия-2” автомашинаси билан тўқнашиб кетиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этгани, оқибатда транспорт воситасига зарар етгани ва “Нексия” автомашинасини устахонага олиб боришгани, Абдуллоҳ айб унда бўлгани учун таъмирлаш харажатини қоплаб беришини айтгани, шу куни тушдан сўнг ўғлини ички ишлар ходимлари уйидан олиб кетишгани ва уни қаерда эканлиги ҳақида маълумот беришмаётганини билдирган.
Бундай ҳолатда қонун талаблари қуйидагича бузилган кўринади:
Биринчидан, Абдуллоҳ томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилгани оқибатида Қ.Эргашев бошқарувидаги автотранспорт воситасига моддий зарар етган.
Моддий зарар суммасидан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133- ёки 134-моддаси билан А.Тоҳировга жарима солинади ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Бу ҳаракат учун маъмурий қамоқ жазоси берилмайди. Агар бошқа ҳаракати учун маъмурий қамоқ жазоси қўлланган бўлса, унинг қонуний ҳуқуқини бузмасдан, оила аъзоларига хабар қилиниши талаб этилади.
Иккинчидан, агар Абдуллоҳ биронта жиноятни содир этишда гумон қилинаётган бўлса, Жиноят-процессуал кодекснинг 220-221-моддаларига асосан фақат:
1) шахс жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин қўлга тушса;
2) жиноят шоҳидлари, шу жумладан, жабрланувчилар уни жиноят содир этган шахс тариқасида тўғридан-тўғри кўрсатсалар;
3) унинг ўзида ёки кийимида, ёнида ёки уйида содир этилган жиноятнинг яққол излари топилса;
4) шахсни жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлиб, у қочмоқчи бўлса ёки доимий яшайдиган жойи йўқ ёхуд шахси аниқланмаган бўлса, ушлаб турилиши мумкин.
Ушбу Кодекснинг 47-моддасига кўра, ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун етарли маълумотлар бўлмаган шахс гумон қилинувчи ҳисобланиб, бу тўғрисида суриштирувчи, терговчи ёки прокурор қарор чиқариши лозим. 48-моддада эса гумон қилинувчи ўзининг нимада гумон қилинаётганлигини билиши, ушлаб турилганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш, ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳамда у билан учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда холи учрашиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Шу билан бирга, ЖПКнинг 224-225-моддалари талабидан келиб чиқиб, ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатмалар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши, берган кўрсатмаларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланиш мумкинлигини билдириши, ушлаб турилган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилганидан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг навбатчиси ёки бошқа ходими ушлаб туриш баённомасини дарҳол тузиши, баённомада кимнинг, ким томонидан, қачон, қандай ҳолатда, қонунда кўрсатилган қандай асосларга кўра ушлангани, қандай жиноятни содир этганликда гумон қилинаётганлиги, ички ишлар ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга қайси вақтда олиб келинганлигини акс эттириши лозим. Бу ҳақда 12 соат ичида прокурорга ёзма шаклда хабар берилиши ҳамда ушлаб туришнинг асосли эканлигини текшириш 24 соатдан кечиктирмай ўтказилиши шарт. Ушланган шахс ушлаб келтирилган пайтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирилмай сўроқ қилиниши лозим.
Ушлаб туриш муддати 226-моддада қайд этилганидек, шахс ички ишлар ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилган пайтдан кўпи билан 48 соатни ташкил этади. Суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан зарур ва етарли асослар тақдим этилганда ушлаб туриш суднинг қарори билан қўшимча равишда 48 соатга узайтирилиши мумкин. Ушлаб туриш муддати тугагунга қадар ва асослар мавжуд бўлганда унга айб эълон қилиниши, айбланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиши, айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, сўроқ қилиниши ва эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги масала ҳал этилиши зарур.
Қонун талабини бузган ваколатли шахслар фуқарони қонунга хилоф ёки асоссиз ушлаб турганлик ёхуд ушлаш вақтида ваколатлари доирасидан четга чиққанлиги учун Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) ва 234-моддасида (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) кўзда тутилган жиноятни содир этганлиги учун жавобгарликка тортилади.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ушбу воқеани қаттиқ қоралайди ва Қонунни оёқ ости қилманг, деб ўз муносабатини билдиради.
Шунингдек, Бош прокуратурадан “Абдуллоҳ қаерда?” мақоласи юзасидан ҳамда 14 кундан бери унинг қаерда эканлиги ҳақида хабар бермаган шахслар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериб, муносабат билдиришини кутиб қоламиз.
Бахтиёр ИБРОҲИМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП эксперти.