Aбдусалом Деҳотий - шоир, ёзувчи, драматург, тилшунос ва давлат арбоби
Самарқанд заминида азалдан истеъдодли адиблар ва зукко олимлар, ҳунарманд ва санъат аҳли, ер тилини биладиган бободеҳқон ва соҳибкорлар камол топган. Улардан бири шу шаҳарда туғилиб, вояга етган, Самарқанд адабий мактабида таълим олганлар истеъдодли адиб, таржимон, тилшунос ва адабиётшунос олим Абдусалом Деҳотийдир.
Абдусалом Пирмуҳаммадзода Деҳотий 1911 йил 14 мартда Самарқанд яқинидаги Боғимайдон қишлоғида туғилди. 1930 йилда ўрта мактабни тамомлагач, республика «Ҳақиқати Ўзбекистон» газетаси ва Тожикистон давлат нашриётининг Самарқанд бўлимида ишлай бошлади. 1935 йили Душанбега кўчиб, «Барои адабиёти сотсиалистӣ» адабий журнали танқид бўлимининг мудири ва масъул котиби бўлиб ишлади. Шундан кейин «Шарқи сурх» (ҳозирги “Садои Шарқ”) журналининг масъул котиби, Тожикистон Ёзувчилари уюшмаси котиби, Тожикистон Давлат нашриётининг бош редактори бўлиб фаолиятини давом эттирди. Садриддин Айний, Жалол Икромий, Мирзо Турсунзода, Сотим Улуғзода, Мирсаид Миршакар, Раҳим Жалил сингари адиблар қаторида тожик адабиётининг юксалишига салмоқли улуш қўшди. Истеъдодли шоир, наср устаси, драматург, адабиётшунос, фольклоршунос ва луғатшунос олим сифатида юзлаб бадиий ва илмий асарлар яратди. Унинг таҳрири остида 1969-1970 йилларда “Тожик тилининг изоҳли луғати” нашр қилинди.
Абдусалом Деҳотийнинг ижоди ўтган асрнинг 30-йилларидан бошланган. Адибнинг юзлаб ҳикоялари, сатирик шеърлари, публицистик мақолалари маҳаллий матбуотда босилган. Унинг «Уч манзара», «Меҳнат таронаси», «Шеърлар ва ҳикоялар», «Ҳаёт олға босмоқда», «Бинафша», «Оқар сув» сингари ўнлаб тўпламлари нашр қилинган. Шоирнинг кўпгина шеърлари рус ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинган.
А.Деҳотий драматургия соҳасида ҳам самарали қалам тебратган адиб. У Мирзо Турсунзода билан биргаликда «Хусрав ва Ширин» мусиқали драмасининг либреттосини, «Восе қўзғолони», «Комде ва Мудан» опералари либреттосини яратган.
Адибнинг 1965-1966 йилларда Душанбедаги “Ирфон” нашриёти томонидан нашр қилинган 5 томли “Асарлар тўплами”дан турли йилларда ёзган асарлари жой олган.
А.Деҳотий ўзбек адабиётининг йирик намояндалари Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Комил Яшин, Уйғунлар билан ижодий ҳамкорлик қилиб, ўзбек-тожик адабий алоқаларини мустаҳкамлашда ҳам катта ҳисса қўшган. Унинг “Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий”, “Икки тил ва икки адабиёт устози” ва “Дўстлик оиласида”, “Дўстлик боғининг самараси”, “Ҳожи Абдулазиз”, “Ҳалима Носирова Душанбеда” номли публицистик мақолаларида икки давлат ўртасидаги дўстлик-биродарлик, ижодий ҳамкорлик, устоз ва шогирдлик анъаналарини ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олган.
Абдусалом Деҳотий маорифпарвар ўзбек шоири Муқимийнинг
Мулки Ҳинду Марвдин келсам, топардим эътибор,
Шул эрур айбим, Муқимий, мардуми Фарғонаман!
матлаъси билан бошланадиган “Эй пари!” номли ғазалини тожик тилига равон ва хотирада қоларли қилиб гўзал таржима қилган:
Гар зи Ҳинду Марв оям, обрў меёфтам,
Айбам ин аст, эй Муқимӣ, мардуми Фарғона ман!
Абдусалом Деҳотий маҳоратли таржимон ҳам бўлган. У ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини моҳирона таржима қилган. Афсуски, роман ўз вақтида нашр қилинмаган ва йўқотилган. Бу ҳақда таниқли адиблар Болта Ортиқзода ва Фазлиддин Муҳаммадиевларнинг дард билан ёзган хотиралари мавжуд. Кейинчалик А.Деҳотий Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана” комедияси ва Баҳром Раҳмоновнинг “Кўнгил сирлари” драмасини тожик тилига таржима қилади. Бу асарлар узоқ йиллар А.Лоҳутий номли Тожикистон академик драма театри репертуаридан муносиб жой олиб, тожик томошабинларининг севимли саҳна асарларига айланган эди.
Истеъдодли адиб Абдусалом Деҳотийнинг 110 йиллигини муносиб ўтказиш, унинг ижоди атрофида илмий-амалий анжуманлар, мушоиралар ташкил лозим. Шунингдек, адиб туғилиб ўсган Боғимайдон қишлоғидаги унинг номига қўйилган кўча номини тиклаш, у яшаган ҳовлида уй-музейини очиш ҳамда ёдгорлик лавҳасини ўрнатиш А.Деҳотийга кўрсатилган юксак эҳтиром бўлади.
Абдусалом Самадов.