Аборигенлар орасида беш йил
XIX асрдаги кема ҳалокатидан омон қолган аёл қиссаси
Робинзон Крузо воқеаси кўпчиликка таниш, аммо реал ҳаёт баъзида ҳар қандай фантастикадан ҳам устунроқ ҳикояларни тақдим этади. XIX асрдаги шундай саҳифаларидан бирида Барбара Кроуфорд исмли ёш шотландиялик аёлнинг ҳаёти туширилган. У кема ҳалокатидан сўнг омон қолган ягона аёл эди ва бир неча йил Австралиянинг шимолий қирғоқлари яқинидаги оролларнинг туб аҳолиси орасида яшади.

Ўша даврларда кит овлаш саноати одамларга яхши фойда келтирарди, кит ёғи эса ўша даврнинг "нефти" ҳисобланган. Шунга қарамай, тадқиқотчилар, денгизчилар ва саргузашт ишқибозлари бундай бойликлар учун ўз ҳаётларини қурбон қилиб, океаннинг чексиз кенгликларига изсиз ғойиб бўлишган.
Барбара Кроуфорд 1820 йилларнинг охирида (баъзи манбаларда тахминан 1831 йилда) Шотландияда туғилган. Унинг отаси яхши ҳаёт илинжида оилани Австралиянинг жануби-шарқий қисмидаги Янги Жанубий Уэльлсга кўчиришга қарор қилди.

1837 йилнинг июл ойида муҳожирлар кемаси бортида Сиднейга эсон-омон етиб келган оила шаҳарнинг саноат чеккаси ҳисобланган Пирмонт шаҳрига жойлашди, лекин ёш Барбара у ерда узоқ қолмади. 1843 йилда у ота-онасининг уйини тарк этиб, Моретон кўрфазидаги Брисбен яқинида уй хизматчиси бўлиб ишга кирди. Тез орада у уни ёллаган капитан Уильям Томпсон билан турмуш қурди. Турмуш ўртоғи Барбарани ўзи билан бирга кема саёҳатларига олиб чиқар ва улар икки йил давомида бахтли ҳаёт кечирар эди.
Фожиага олиб келган воқеалар занжири “Clarence” Америка кит овлаш кемаси Бамптон ҳудудидаги саёз рифда туриб қолганда бошланди. 1845 йилнинг январида кўтарилган кучли бўрон шлюпкаларни очиқ денгизга олиб чиқиб кетди. Капитан ва унинг олти нафар экипаж аъзоси сувга ғарқ бўлди.
Барбара ҳалокатдан омон қолган ягона одам бўлди. Бўрон босилгач, каноэда тошбақа овлаётган бир гуруҳ Каурарег халқи одамлари ҳаёт учун курашаётган ёш аёлни кўриб қолишди. Оролликлар уни қутқариб, Муралуг оролига олиб кетишди. Аёлни ўлжадаги ўз улуши деб даъво қилган Борото исмли эркак уни мажбуран ўзига хотин қилиб олди.
Гарчи кўп аёллар унга берилган эътибор туфайли узоқ вақт давомида ҳасад қилган бўлса-да, воқеаларнинг бир-бирига тўғри келиб қолиши туфайли Барбара жамоада нисбатан ижобий баҳоланди: қабиладаги аёл раҳбарларидан бири оқ танли қиз унинг яқинда вафот этган қизининг реинкарнацияси эканлигига ишонч ҳосил қилиб,уни ўз қаноти остига олди ва унга Гиома исмини берди. Шу тарзда у қарийб беш йил қабила орасида яшади.

Барбара ҳар йили орол яқинидан ўтиб кетадиган Европа кемалари эътиборини жалб қилишга уриниш тақиқланган ҳолда Торрес бўғози қирғоғида аборигенлар орасида яшади. Қутқарувчиларининг асираси аввалги ҳаётига қайтиш умидини ҳеч қачон йўқотмаган. Қочишнинг иложи йўқ, чунки у доимо бошқа аёллар орасида бўлиши, агар қочишга урингудек бўлса, эркаклар огоҳлантирилар эди. Бир неча йил ўтиб, ниҳоят қулай имконият пайдо бўлди.
1849 йилнинг 16 октябрида британиялик экспедиция аъзолари тоза сув захираларини тўлдириш мақсадида бу қирғоққа чиқишди. Илмий жамоа ўша пайтдаги машҳур табиатшунос Жон Мак Гилливрай, рассом Освалд Уолтерс Бриерли ва зоолог Томас Генри Хакслилардан иборат эди.
Соҳилга чиққан британиялик денгизчилар тарқоқ гуруҳ аборигенларга унчалик эътибор бермади. Тўсатдан аёллардан бири шотландия акценти билан бузуқ инглиз тилида: “Мен оқ танли аёлман, нега мени ташлаб кетяпсиз?”, деди.
Британияликлар териси жазирама қуёшдан қорайиб кетиб, қабариқ бўлиб қолган, кийим-кечаклари эса барглардан иборат аёл билан тўқнаш келишганида ҳайратини яширмади. Денгизчилар унга эркаклар кўйлагини берди ва уни капитаннинг олдига олиб борди. Каноэда кемага яқинлашган Борото Барбарани қайтаришни талаб қилди, кема капитани эса қолиш ёки қолмаслик бутунлай аёлнинг ўзига боғлиқ, деб жавоб берди.
Кема бортида аёл қисман унутган она тилида сўзлашар экан, у олимлар билан Торрес бўғози ороллари маданияти, тили ва урф-одатлари ҳақида бебаҳо маълумотлар билан ўртоқлашди. Унинг ҳикояси шов-шувга сабаб бўлди, тўпланган этнографик маълумотлар Мак Гилливрайнинг 1852 йилда нашр этилган китобининг биринчи жилдига асос бўлди.
Сиднейга қайтган Барбара Кроуфорд Томпсон узоқ умр кўрди ва 1912 йилда (бошқа маълумотларгакўра 1916 йилда) вафот этди. Унинг қиссаси омон қолиш, ақлбовар қилмас руҳ кучи ва бир-биридан ажралиб турадиган хилма-хил дунёлар ўртасидаги мисли кўрилмаган маданий алмашинувнинг ноёб намунаси сифатида тарихга кирди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.